Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси халқ ўқитувчиси, таниқли мураббий Шорабек Мустафаевнинг 80 йиллигига бағишланган кураш бўйича республика очиқ турнири бўлиб ўтди.
Мусобақага Хоразм, Бухоро, Фарғона, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларидан 35 нафар полвон иштирок этди.
Турнирнинг очилишида Қорақалпоғистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Азамат Қалбаев, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Юрий Кулаков, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган жисмоний тарбия ва спорт ходими, спорт устаси Жақсимурат Мамбетов, Қорақалпоғистон Республикаси қозоқ миллий маданий маркази раиси Асқар Умбетаев, Ўзбекистон кураш федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ижрочи директори С.Жусипбеков сўзга чиқиб, таниқли мураббий Шорабек Мустафаевнинг кураш турларини ривожлантириш, мамлакатимизга таниқли полвонларни етиштиришдаги меҳнатларига катта баҳо берди.
Таъкидланганидек, Ш.Мустафаев 1944 йили 21 мартда Қозоғистон Республикаси Қизилўрда вилояти Орол туманида таваллуд топди. 1963 йил Қорақалпоқ давлат педагогика институтига ўқишга кирди. Бу ерда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий Аминбой Исмаилов раҳбарлигида эркин кураш сирларини ўрганди.
Ҳарбий хизматда ҳам спорт билан мунтазам шуғулланди. 1965 йили Москва шаҳрида ўтказилган мусобақада собиқ иттифоқ спорт усталигига номзод, Марказий ҳарбий спорт клуби биринчилигида спорт устаси даражасини бажарди.
Сўнгги йилларда Нукус давлат университетида кафедра мудири, жисмоний тарбия факультети декани лавозимларида фаолият олиб бориб, кўплаб шогирдлар етиштирди. Жумладан, унинг раҳбарлигида самбо бўйича собиқ иттифоқнинг 20 нафар спорт устаси, дзюдо бўйича 3 нафар спорт устаси, миллий кураш бўйича 24 нафар Ўзбекистон спорт устаси, 50 нафарга яқин спорт усталигига номзод полвон етишиб чиқди. Улардан собиқ иттифоқ спорт мусобақаларининг совриндорлари С.Юсупов, А.Бекбаулиев, Б.Назаров, Я.Казаков, Г.Гамгабели ва бошқаларни қайд этиш мумкин.
Шорабек Мустафаев бугунги кунда Қозоғистон Республикаси Олма ота шаҳрида истиқомат қилса ҳам Қорақалпоғистон Республикаси полвонлари билан дўстлик алоқаларини узгани йўқ. Нукус шаҳрида устоз таваллудининг 80 йиллигига бағишланган мусобақанинг ташкил этилиши ва унда шахсан ўзининг иштирок этганлиги ушбу дўстлик алоқаларнинг амалдаги ифодаси ҳисобланади.
Мусобақа якунида 73 килограмм вазн тоифасида Қўнғирот туманидан Уткир Уразғалиев биринчи, Нукус шаҳридан Зиёдулло Исматов иккинчи, Хоразм вилоятидан Мақсад Хожиев ва Нукус туманидан Қурманғази Қуандиқов учинчи, мутлақ вазнда Бухоро вилоятидан Баҳром Сайдов биринчи, Қўнғирот туманидан Эргаш Айтбаев иккинчи, Нукус туманидан Заҳириддин Зайтов ва Нукус шаҳридан Мийирбек Абдихаликов учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиб ва совриндорларга хомийлар томонидан диплом, медаль, қимматбаҳо совғалар ва пул мукофоти топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.