Тошкентда оғир атлетика бўйича ўтказиладиган Осиё чемпионатига қизғин тайёргарлик ишлари кетаётган шу кунларда юртимизга турли давлатларнинг спорт делегациялари ташриф буюрмоқда.
Ҳозиргача Таиланд, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Иордания каби бир қатор мамлакат терма жамоалари, мусобақаларни бошқариб боришда иштирок этадиган ҳакамлар, техник комиссия вакиллари Тошкентга етиб келишди.
Бугун ва эртага кун давомида қитъа чемпионатида қатнашадиган бошқа терма жамоалар, шунингдек халқаро экспертлар гуруҳлари, Халқаро ва Осиё оғир атлетика федерацияси ижроия қўмитаси аъзолари Тошкентга ташриф буюриши кутилмоқда.
Спорт вазири ўринбосари, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов олиб борган йиғилишда хорижий давлат спорт делегацияларини муносиб кутиб олиш, мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш, чемпионат иштирокчиларига зарур шарт-шароитларни яратиш, мусобақалар ўтадиган спорт мажмуасини халқаро андозалар асосида тартибга келтириш, иштирокчиларга тезкор тиббий хизматни доимий йўлга қўйиш, белгиланган манзилларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тегишли ташкилот мутасаддиларига, масъул ижрочиларга чемпионатни ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси баёнида кўрсатиб ўтилган топшириқлар юзасидан аниқ вазифалар юклатилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-10 февраль кунлари пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида ўтадиган қитъа чемпионатида 34 та мамлакатнинг 239 нафар оғир атлетикачиси ғолиблик ва «Париж-2024» Олимпиадасининг рейтинг очколари учун кураш олиб боради.
Т.Рўзиев,
ЎзА