ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли тумани “Гужим терек” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Ойсара савдо маркази” масъулияти чекланган жамияти савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида 2021 йилдан буён фаолият юритади.
Корхонада асосан, аёллар учун миллий ва замонавий услубдаги либослар, кўрпа-тўшаклар, бир қанча турдаги пардалар тайёрланади. Ушбу маҳсулотларнинг сифати яхши, савдоси чаққон. Айни пайтда корхонада 10 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланган.
– Давлатимиз биз, тадбиркорларни доимий қўллаб-қувватлаб келмоқда, – дейди МЧЖ раҳбари Ойсара Каримбоева. – Фаолиятимиз учун қулай шароит ва қатор имтиёзлар яратилган. Бундан жуда мамнунмиз.
Тадбиркор тижорат банкидан берилган имтиёзли кредит ҳамда субсидия маблағидан самарали фойдаланиб, корхона учун зарур бир қанча асбоб-ускуналарни харид қилди. Шунингдек, ўзининг икки қаватли янги биносига эга бўлди.
Келгусида маҳсулот турини кўпайтириш, ишчилар сонини ошириш ҳамда ташқи бозорга маҳсулот экспортини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА