Шу кунларда Халқаро аралаш жанг санъатлари (IMMAF) федерацияси президенти Керрит Браун бошчилигидаги спорт делегацияси мамлакатимизда меҳмон бўлиб турибди.
Халқаро спорт ташкилоти вакиллари ташриф давомида Ўзбекистонда аралаш жанг санъатлари бўйича келгусида ўтказиладиган жаҳон чемпионати ва унинг тизимида бўладиган тадбирлар учун белгиланган спорт мажмуаларини кўздан кечиришмоқда.
Бугун IMMAF мутасаддилари Спорт вазирлигида ўтказилган учрашувда иштирок этишди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири А. Икромов юртимизда кейинги йилларда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қўлга киритилаётган ютуқлар хусусида сўзлаб, Халқаро аралаш жанг санъатлари федерацияси билан дўстона алоқалар янги босқичга чиққанлигини билдирди.
Ўз навбатида меҳмонлар халқаро майдонда, хусусан яккакураш спорт турлари дунёсида Ўзбекистоннинг ўз ўрни борлигини эътироф этишди.
Халқаро аралаш жанг санъатлари федерацияси ижрочи директори Денсин Уайт, ташкилотнинг Осиё қитъаси директори Виссам Аби Надер ва бошқа мутасаддилар қатнашган учрашув якунида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида маълум бир келишувларга эришилди.
Т. Рўзиев, ЎзА