AҚШ Президенти Жозеф Байден Вашингтон Иордания ва Сурия чегарасидаги базага қилинган ҳужумга жавоб берилишини билдирди.
Оқ уй раҳбари Жанубий Каролинада журналистларга берган интервьюсида “Кеча Яқин Шарқда оғир кунни бошдан кечирдик, биз бунга жавоб берамиз”, деди.
Мамлакат етакчиси AҚШ базасига учувчисиз учоқ ҳужуми натижасида уч америкалик аскар ўлдирилганини айтди. Aввалроқ Байден Иорданиядаги Сурия чегараси яқинида дрон ҳужуми ортидан 3 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани, 25 аскар яраланганини маълум қилган эди. Кейинроқ Марказий қўмондонлик ҳодиса оқибатида камида 34 киши яраланганини эълон қилди.
Иордания ҳукумати эса Суриядан чегарада жойлашган Ат-Танф ҳарбий базасига ҳужум уюштирилганини таъкидлаган.