Хитой иқтисодиёти турғунлик даврига кирмоқда, деб баёнот берди иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори, америкалик Пол Кругман “The New York Times” нашри учун ёзган мақоласида.
– Ҳозирча кенг қамровли инқироз кузатилаётгани йўқ, албатта, бироқ Хитой турғунлик ва кўнгилсизлик даврига яқинлашмоқда, деб ўйлашимизга асос бор, – деди эксперт.
Кругман фикрича, айрим таҳлилчиларнинг пандемия билан боғлиқ чеклов бекор қилингач, ХХР кучаяди, деган хулосаси нотўғри. Аксинча, вазият тескари томонга қараб бормоқда. Мамлакат иқтисодиёти барча жабҳада кутилган натижани бермаган. Фақат ЯИМ 5,2 фоиз ўсгани бундан мустасно.
Мутахассис Хитойда дефляция кузатилаётгани, ёшлар ўртасида ишсизлик кўрсаткичи юқори даражада эканини ҳам таъкидлаган.
Куни кеча “South China Morning Post” газетаси таҳлилчилар берган маълумотга таяниб, ХХР аҳолиси 2023 йил 2,08 миллионга камайгани, айни ҳолат яқин йилларда ҳам давом этишини ёзди.