Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида 86-бор ташкил этилган “Tata Steel Chess-2024″ халқаро турнири тарихга айланди.

Дунёнинг энг кучли 14 нафар шахматчиси иштирокида ўтказилган “Masters” гуруҳидаги баҳсларда ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ғолиблик учун дона сурди.

Айтиш лозим, 13 турдан иборат баҳсларда Абдусатторов муносиб ўйин намойиш этди. Ўтказилган турнинг 6 тасида ғалаба, 5 тасида дуранг, 2 тасида имкониятни бой берган истеъдодли шахматчимиз мусобақанинг сўнгги беллашувларига қадар ғолибликка асосий даъвогарлардан бири эканлигини намойиш этди.

Абдусатторов Нидерландия мусобақалари давомида ФИДЕ байроғи остида ўйнаган Ян Непомняший ва ҳиндистонлик Сантош Гужрат Видитгагина имкониятни бой берди Ўтказилган турларда Аниш Гири, Пархам Магсудлу, Жордан Ван Форест, Макс Вармердам, Цзюй Вэньцзюнь ва 13-турда Германия вакили Александр Донченкони мағлуб этди.

Турнинг қолган ўйинларида Праггнанандҳаа —Алиреза Фирузжа-0,5:0,5, Пархам Магсудлу — Доммаражу Гукеш-0:1, Вэй —-1:0, Дин Лижен — Цзюй Вэньцзюнь-0,5:0,5, Аниш Гири — Вармердам-1:0 ва Ян Непомняший — Жордан Ван Форест-0,5:0,5 ҳисоблари қайд этилди.

Ушбу кўрсаткичлар натижасида 8,5 очко жамғаришга муваффақ бўлган Нодирбек Абдусатторов, ҳиндистонлик Доммаражу Гукеш, нидерландиялик Аниш Гири ва Хитой вакили Йи Вэйни тай-брек ўйинларида ғолибни аниқлаш майдонига олиб чиқди.

Мусобақанинг тай-брек ўйинларига ташланган қуръага кўра, Абдусатторов-Вей ва Гукеш-Гири финал йўлланмаси учун рўбарў келишди.

Мусобақанинг 5 турида оқ доналарда Абдусатторов хитойлик шахматчи билан дуранг ўйнаган эди. Бу сафар ҳам тай-брекнинг илк ўйинида томонлар муроса йўлини танлашди. Бошқача айтганда, Хитой вакили Вейни муқаррар мағлубликдан Нодирбекнинг кичик хатоси “қутқариб” қолди. Доимий шох ҳолатига эга бўлиб олган рақиб дурангга эришишга муваффақ бўлди. Иккинчи партия биринчи ўйинни бир оз эслатиб юборган бўлса-да, Нодирбек юз фоизлик ғалабани яна хатолик туфайли бой бериб қўйди. Умумий ҳисоб-китобга кўра, 1,5:0,5 ҳисобидаги устунлик Йи Вейни “Tata Steel Chess-2024″ финалига йўл олишини таъминлади.

Иккинчи жуфтликдаги Аниш Гири-Доммаражу Гукеш қарама-қаршилигидаги учрашувда ҳиндистонлик шахматчи ғалабага эришди.

Финал ўйинида Хитой ва Ҳиндистон вакиллари 1-партияда тенгликка эришган бўлса, 2-партияда Вейнинг оқ доналарда ҳаракатланиши унинг Нидерландия мусобқасида омадли эканлигини кўрсатди.

“Tata Steel Chess-2024” финалида кечган тай-брек баҳслари сарҳисобига биноан хитойлик шахматчи 1-ўринни эгаллаган бўлса, ундан кейинги ўринларни Доммараджу Гукеш, Аниш Гири ва Нодирбек Абдусатторов банд этди.

Вейк-ан-Зее мусобақаларининг шиддатли ўйинларида эришган натижалар туфайли Нодирбек Абдусатторов классик шахматда ўз ҳисобига 17,3 рейтинг очкосини жамғаришга эришди. Бу, уни дунёнинг ТОП-15 та энг кучли шахматчилар қаторига кўтарилишига олиб келганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Мусобақалар якунига кўра, кейинги 5-7-ўринлар 7,5 очкога эга Франция вакили Алиреза Фируджа, ҳиндистонлик Сантош Гуджрат Видит, Рамешбабу Прагнанандхага, 8-ўрин 6,5 очколи россиялик Ян Непомнящийга, 9- ўрин 6 очко жамғарган классик шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони хитойлик Дин Лиженга, 10-13-ўринлар 4,5 очколи Хитой вакили Цзюй Вэньцзюнь, германиялик Александр Донченко, нидерландиялик Жорден Ван Форест ва эронлик Пархам Магсудлуга ва 14-ўрин 4 очкони қўлга киритган Нидерландия шахматчиси Макс Вармердамга насиб этди.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА