Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида давом этаётган “Tata Steel Chess-2024″ халқаро турнирининг “Masters” гуруҳида ортда қолган 9-тур ўтган мусобақаларнинг энг қизиқарлиси бўлди, дейиш мумкин.

Ўтказилган баҳсларнинг бештасида ғалаба, иккитасида дуранг ҳолати қайд этилди.

Ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторовнинг 8-турда Непомняший билан кечган ўйиндаги “қора булутли” вазият 9-турда нидерландиялик Жордан Ван Форестга қарши баҳсда тарқаб кетди. Оқ доналарда ҳаракатланган Нодирбек илк юришлардаёқ рақибини мураккаб ҳолатга келтиришга муваффақ бўлди. Ҳамюртимизнинг шиддатидан Ван Форестни “ўз уйида” деворлар ҳам сўяй олмади. 24-юришда Абдусатторовнинг ғалабаси тан олинди.

9-турнинг қолган баҳсларидаги Донченко – Алиреза 0,5:0,5, Доммараджу Гукеш – Сантош Гужрат Видит 0,5:0,5, Праггнанандҳаа – Цзюй Вэньцзюнь 1:0, Пархам Магсудлу – Макс Вармердам 0,5:0,5, Вэй – Ян Непомняший 0,5:0,5, Дин Лижен – Аниш Гири 0,5:0,5 кўринишида якунланди.

“Tata Steel Chess-2024″нинг 10-тур ўйинлари олдидан 5,5 очкога эга Нодирбек Абдусатторов коэффициент ҳисобига пешқадамлик қилаётган бўлса, ундан кейинги ўринларда бораётган ҳиндистонлик Доммараджу Гукеш, Праггнанандҳаа ва нидерландиялик Аниш Гири ҳисобида ҳам 5,5 очко мавжуд. Кейинги поғоналарни эгаллаб турган хитойлик Вэй, ҳиндистонлик Сантош Гужрат Видит ҳамда Франция вакили Алиреза Фирузджа 5 очко жамғарган.

Бугун, 24 январь куни халқаро турнирнинг 10-турида Нодирбек Абдусатторов қора доналарда нидерландиялик Макс Вармердам билан куч синашади.

Турнинг қолган ўйинларида Алиреза Фирузджа – Аниш Гири, Ян Непомняший – Дин Лижен, Жордан Ван Форест – Вэй, Цзюй Вэньцзюнь – Пархам Магсудлу, Сантош Гужрат Видит – Праггнанандҳаа, Донченко – Гукеш рўбарў келади.

Эслатиб ўтамиз, 13 турдан иборат “Tata Steel Chess-2024″ мусобақалари 28 январга қадар давом этади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА