Хитойлик тадбиркорлар ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари сифатини юқори баҳолади

246

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида тўқимачилик соҳасида кенг қамровли ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, бугунги кунда бундай алоқалар янгича ёндашувлар асосида давом эттирилмоқда.

2022 йил натижаларига кўра, 248,7 миллион долларлик ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари Хитойга экспорт қилинган. Ўзбекистонда хитойлик компаниялар инвестициялари иштирокида 26 йирик лойиҳа амалга оширилган.

Шу билан бирга, Хитойда ўзбек корхоналарининг 3 та савдо уйи фаолият юритади. 2023 йилда Хитойга 4 маротаба ташриф амалга оширилди ва 167 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари ва 200 миллион долларлик экспорт шартномалари тузилди.

Президентимизнинг давлат ташрифи доирасида Хитойда “Made in Uzbekistan” бренди остида минтақалараро кўргазма ташкил этилди. Кўргазмада 20 дан ортиқ юртимиз корхоналари юқори сифатли ип-калавадан тортиб,  тайёр маҳсулотгача бўлган тўқимачилик маҳсулотларини тақдим этди.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ахборот хизматига кўра, ушбу кўргазмада хитойлик тадбиркорлар ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари сифатини юқори баҳолади. Улар ушбу соҳада ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.

Муҳими, ушбу кўргазма Хитой билан ҳамкорликнинг янги истиқболларини очиб беришга хизмат қилади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА