Қорақалпоғистон Республикаси прокуратура органларининг 2023 йилда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолият натижаларига бағишланган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда республика прокуратураси, шаҳар ва туман прокуратураларининг барча тезкор ходимлари, Департамент ҳамда Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиқлари иштирок этди.
Таҳлилий ва танқидий руҳда ўтган йиғилишда амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар қайд этилди.
Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан ўтган давр мобайнида 7 минг прокурор назорати ҳужжати асосида 2 минг 600 дан ортиқ ноқонуний ҳужжат қонунга мувофиқлаштирилди. Қарийб 14 минг нафар шахснинг бузилган ҳуқуқи тикланди.
Қонун бузилишларни бартараф этиш ва жазо муқаррарлигини таъминлаш борасида 4 ярим минг нафар шахснинг интизомий ва маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилди. Текширишлар ва тергов ишлари давомида 86 миллиард сўмдан зиёд зарар ундирилди. Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 349 та жиноят иши қўзғатилди.
Йиғилишда барча соҳадаги йўл қўйилган хато ва камчиликлар бўйича масъулларнинг изоҳлари тингланиб, уларни бартараф қилишнинг аниқ чоралари белгилаб олинди.
Ҳайъат йиғилишида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.