Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан сўнгги йилларда Хитой Халқ Республикасининг етакчи компаниялари билан истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли, Шуманай, Тахиатош, Қонликўл, Чимбой туманларида Хитой билан ҳамкорликда 7 та корхона фаолият олиб бормоқда. Шулардан бири Чимбой туманидаги “Lan Extrakt” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси ҳисобланади.
2007 йилда ташкил этилган ушбу корхонада асосан қизилмия экстракти хомашёсини қуритиш орқали 40 тага яқин турдаги тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Бунинг учун 35 гектар ер майдони ажратилган ва унда 700 та плантация мавжуд. Корхона 1000 га яқин фермер хўжалиги билан шартнома асосида ҳамкорлик қилмоқда.
– Маҳсулотларимиз Хитой Халқ Республикасига, Америка Қўшма Штатларига, Корея ҳамда Ҳиндистон давлатларига экспорт қилинмоқда, –дейди қўшма корхона иш юритувчиси Хуан Чинг Ли. – 2023 йилда қизилмия экстракти хомашёсидан тайёрланган 1 минг 200 тонна маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йилда экспорт ҳажмини 1 минг 800 тоннага етказиш режалаштирилган.
Корхонада иш уч сменада ташкил этилган. Ишчи-ходимлар учун барча шарт-шароит яратилган. Улар икки маҳал иссиқ овқат, махсус кийим-кечак ва вақтида иш ҳақи билан таъминланган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунда 250 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган бўлса, жорий йилда уларнинг сонини 400 нафарга етказиш назарда тутилган. Таъкидлаш жоизки, қизилмия экстракти хомашёсидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришдан қолган қолдиғи қишлоқ хўжалигида минерал ўғит сифатида фойдаланилмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари