Диққат! Телеграмдан келган файлни очишга шошилманг! (+видео)

Агар сизнинг шахсий профилингизни бузиб киришган бўлса, телеграмингиз ўчиб қолади. Бошқатдан телеграм очганингизда сизнинг профилингиздан группаларга, контактларингизга номаълум файл юборилган бўлади. Файлга «шу дастурни юклаб олсангиз сизга 1 500 000 сўм пул ўтқазиб беришади», каби изоҳлар ёзилган бўлади.
Содда одамлар файлни очади, ундаги ҳаволага киради. Ҳаволада карта маълумотларингизни киритишингиз керак бўлади. Баъзилар картага тегишли шахсий маълумотларини киритишади, соддалигидан ҳатто телефонига келган КОД рақамларини ҳам киритади. Бу эса ўша заҳотиёқ фирибгарларнинг картангиздаги бор пулларингизни ечиб олишларига туртки бўлади.
Агар картангизда пул йўқ бўлса, фирибгарлар маблағ тушадиган пайтни кутади. Шу боис, пластик картангиз маълумотларини билмасдан нотаниш ҳаволага киритган бўлсангиз, дарҳол банкка мурожаат қилиб, картани блоклашингизга тўғри келади. Танишингиз ва яқинлариздан телеграм орқали келадиган файлларни юклаб олишга шошилманг ва зинҳор телефон рақамингизга келган смс кодлар ёки бошқа шахсий рақамларни шубҳали жойларга киритманг. Фирибгарларнинг изига телеграм орқали тушиб бўлмайди. Фақат карта ўтказмалари орқали уларни топиш мумкин холос. Агар шу каби ҳолатга дуч келсангиз албатта, ички ишлар вазирлигининг кибержиноятга қарши курашиш бўлимига ёки “102” рақамларига мурожаат қилинг.
Моҳичеҳра Эшмирзаева, Нишонбой Aбдувоитов (видео), ЎзА