Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг Оролбўйи аҳолисига алоҳида ғамхўрлиги натижасида ҳудуд иқтисодиётини кўтаришга, одамларнинг турмушини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Жумладан, ўтган йилда ҳудуддаги 452 та шаҳарча, маҳалла ва маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳар бирига 500 миллион сўмдан, жами 226 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 43 мингдан зиёд тураржойнинг кадастр ҳужжатини тайёрлаш ишлари йўлга қўйилди. Шаҳар ва овулларни обод қилиш мақсадида 640 километрга яқин тупроқ йўлларга 55 миллиард 678 миллион сўмлик қум-шағал аралашмаси тўшаш ишлари олиб борилди. Оролбўйи ҳудуди ёшларининг олий таълим муассасаларига кириши учун 10 минг квота ажратилиб, хорижда таълим олаётган ёшларнинг ўқишини юртимизнинг олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида кўчириш амалиёти йўлга қўйилди.
Ўтган йилда давлат дастурлари доирасида жами 699 та объектда 1,6 триллион сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилди. Инвестиция дастури асосида 58 та объектда 547,9 миллиард сўмлик, маҳаллаларда 286 объектда 238 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
– Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳудудда амалга оширилаётган ишлар натижасида Қорақалпоғистонда бизнес юритиш учун бошқа ҳеч бир ҳудудга берилмаган имтиёз ва имкониятлар тақдим этилмоқда, – дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари Тажибай Романов. – Президентимиз бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бири аҳолини, айниқса, ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўқитиш, даромадли иш ва муносиб яшаш шароитлари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратди. Шу мақсадда жорий йилда саноат ҳажми 23 триллион сўмга етказилиб, 2 триллион сўмлик янги қувватлар яратиш белгиланмоқда. Тўқимачилик, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари тармоқларида 24 та йирик лойиҳа ишга туширилади.
Қайд этилганидек, жорий йилда ҳудудга 2 миллиард 100 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этилиши мўлжалланган. Бунинг эвазига саноатда 206 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 240 та, қишлоқ хўжалигида 34 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Уларда 13 мингга яқин юқори даромадли иш ўрни очилади.
Қорақалпоғистонда ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа хизматлар изчил ривожланмоқда. Берилган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда жорий йилда экспорт ҳажми янада оширилади.
Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонда туризмни, айниқса, унинг эко, этно, зиёрат йўналишларини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш, туризм кластери ташкил этиш ва соҳага хорижий экспертларни жалб қилиш юзасидан топшириқ берди. Бунинг учун Нукус аэропортини ривожлантириш ва авиақатновларни кўпайтириш, янги меҳмонхоналар қуриш, музейларни модернизация қилиш, йўл бўйи хизматларини кенгайтириш вазифалари кўрсатиб ўтилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги мутасаддиларининг таъкидлашича, йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида жорий йилда қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицион лойиҳаларни ишга тушириш ҳамда қурилиш-коммунал хўжалиги соҳаларини ривожлантириш, шунингдек “Маҳаллабай” ишлаш тизимида жами 268 минг 230 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Шунингдек оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали ҳоким ёрдамчилари томонидан 110 минг нафардан зиёд фуқарога 2 триллион сўмлик кредит, 6 минг нафар ишсиз фуқарога 30,8 миллиард сўмлик субсидия ажратиш, 11 минг нафардан зиёд фуқарони касб-ҳунарга ўқитиш, 87 минг нафар фуқарони тадбиркорликка жалб қилиш, 2 минг нафарга яқин фуқарони Россия, Қозоғистон ҳамда Европа давлатларига хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияга юбориш режалаштирилган.
Албатта, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Оролбўйини ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимизда “Инсон қадри учун” ғояси остида олиб борилаётган хайрли ишларнинг амалий ифодасидир.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари