Бугун Италия бош вазири Жоржия Мелони Туркияга ташриф буюради. Италия ташқи ишлар вазири Антонио Таяни мамлакат ҳукумати раҳбарининг ташрифи олдидан Туркиянинг “DHA” нашрига интервью берди.
Таяни ўз интервьюсида минтақавий ва глобал мавзуларда Туркиянинг аҳамиятига эътибор қаратган. Икки давлат минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда қандай роль ўйнаши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, у шундай деган:
“Туркия барча мусулмон давлатлари билан мулоқот олиб бориши мумкин, жумладан, ҳозирги кескинлик кучаяётган вазиятда”.
Антонио Таяни барча тинчликпарвар амалиётлар доирасида Туркиянинг ташаббусларини доимо қўллаб-қувватлаганини қайд этган.
“Биз Туркиянинг кўплаб масалаларда иккинчи даражали эмас, муҳим ва асосий роль ўйнашини ҳар доим айтганмиз. Биз Африкада хавфсизлик, Ливиядаги муаммолар, ноқонуний миграция ва бошқа масалаларгача ҳамкорлик қилишимиз мумкин”, – деган италиялик сиёсатчи.
Нашр Таянига турк фуқаролари узоқ вақтдан бери Туркиядаги Италия дипломатик ваколатхоналаридан визанинг турларидан қатъи назар уни ололмаётганларини маълум қилган.
Сиёсатчининг қайд этишича, бунга кадрлар етишмаслиги ва ортиқча талаб сабаб бўлаётганини айтган.
“Биз виза олиш ҳуқуқига эга бўлганларга тезда виза беришга ҳаракат қиламиз ва бу борадаги ишларни яхшилаш учун қўшимча ходимларни ёллашга қарор қилдик”, деган у.