ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукус шаҳридаги “Nukus evro stroy” масъулияти чекланган жамияти истеъмолчиларни сифатли ва арзон қурилиш маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқда.
Корхона 2010 йил ташкил этилган бўлиб, унга тадбиркор Озод Шимбергенов раҳбарлик қилади. Бу ерда уй-жой қурилиши ва таъмирлаш ишларида фойдаланиладиган 30 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилиб, Қорақалпоғистоннинг барча туман ва шаҳарларидаги савдо нуқталарига шартнома асосида етказиб берилмоқда. Нукус шаҳри марказидаги иккита манзилда корхонага қарашли савдо дўкони ташкил этилган.
– Кейинги йилларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётган биз каби тадбиркорлик субъектлари давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, – дейди корхона раҳбари Озод Шимбергенов. – Тижорат банки томонидан ажратилган имтиёзли кредит маблағи ва лизинг эвазига корхонага янги ва замонавий ускуналар келтирилиб, моддий-техник базамиз яхшиланди. 70 дан зиёд кишининг иш билан бандлиги таъминланди.
Яқин кунларда корхонада янги йўналиш – сантехника ишларида фойдаланиладиган ППР грануласи орқали совуқ ва иссиқ сув учун турли диаметрдаги қувурларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Ҳозирда лойиҳа учун хориждан зарур ускуналарни олиб келиш бўйича амалий ишлар бажарилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА