Режиссёрлик мактабининг устози

Атоқли режиссёр Зулфиқор Мусоқов яратган фильмлар воқеликни ортиқча бўёқларсиз, бўрттиришларсиз, реал акс эттириши билан ажралиб туради. Шу сабабли кино устаси томонидан яратилган бир қатор фильмлар кўплаб халқаро фестивалларда муваффақият қозониб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, “Меҳнат шуҳрати”, «Фидокорона хизматлари учун» орденлари соҳиби, кинорежиссёр ва сценарист – Зулфиқор Мусоқов 1958 йилнинг 19 январь куни туғилган.
1981 йилда у Тошкент театр ва санъат институтининг режиссёрлик факультетини, 1989 йилда – Сценарийчилар ва режиссёрлар олий курсларини тамомлаган.
Зулфиқор Мусоқов «Аскарлар эртаги», “Дебют” (1989), “Абдуллажон”, “Бомба”, “Яратганга шукур”, “Кичкина табиб”, «Дада», “Ойижон”, “Осмондаги болалар – 1-2-3”, “Ватан”, “Қўрғошин”, “Қовун”, “Хазонрезги”, “Новда”, “Дадам бетоб”, «Қалдирғоч», «Биринчи бўса», «Суиқасд», “Берлин — Оққўрғон” каби фильмлари ва “Аёл зоти”, «Ўзимизнинг одам» сериаллари билан машҳур.
Устоз режиссёрнинг “Ватан” фильми 2007 йилда Малайзияда ўтказилган 50-халқаро кинофестивалда “Осиёнинг энг яъши фильми” номианциясига даъворгарлик қилган. 2011 йилда режиссёр суратга олган “Қўрғошин” бадиий фильми Россияда бўлиб ўтган “Киношок” халқаро фестивалида қатнашиб, “Энг яхши киносценарий” номинациясида ғолиб бўлган.
Зулфиқор Жалолович Тошкентдаги ФОКУС Режиссура Мактабининг бадиий раҳбаридир (2016). Шунингдек, устоз режиссёр “Олтин Ҳумо” миллий мукофотининг совриндори саналади.
Н.Усмонова,
ЎзА