Тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтган ҳудудидан қатъи назар Ўзбекистонда эркин ҳаракатланиши кафолатланмоқда
– Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини яратишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди депутат Фарҳод Зайниев. – Янги таҳрирдаги Бош қомусимизда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланди. Мазкур кафолатни янада мустаҳкамлаш, қонун ҳужжатларида акс эттириш мақсадида қонун лойиҳаси билан тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтган ҳудудидан қатъий назар уларнинг товарлари, хизматлари, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин ҳаракатланишининг кафолатланиши назарда тутилмоқда. Киритилаётган мазкур ўзгартиришлар тадбиркорлик фаолиятини тўсқинликсиз амалга оширишга, мамлакатда бизнес муҳитини янада ривожлантиришга, товар ва хизматлар бозорининг барча иштирокчилари учун тенг иқтисодий-ҳуқуқий имкониятлар яратишга хизмат қилади. Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида депутатларнинг берган таклифлари унда акс этган.
Мажлисда муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА