Солиқ имтиёзларини беришга қаратилган қонун лойиҳаси янада такомиллаштириладиган бўлди

322

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига маҳаллий заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

— Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш, хомашё хариди, ишлаб чиқарилган маҳсулот савдосининг катта қисми яширин тарзда амалга оширилмоқда ва ташкил этилган янги ишлаб чиқариш қувватлари тўлақонли фаолият кўрсатмаяпти, — деди маърузачи депутат Руслан Жумамуратов. — Ушбу қонун лойиҳаси заргарлик соҳасини маҳаллий саноатнинг асосий драйверларидан бирига айлантириш, қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг хомашёга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, у билан заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар берилмоқда. Хусусан, лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига қўшимча киритиш орқали заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларни қимматбаҳо тошларни ҳомашё сифатида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда қўшилган қиймат солиғини тўлашдан вақтинчалик озод қилиш назарда тутиляпти.

Шунингдек, депутат лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида киритилган ўзгаришлар ҳақида ҳам айтиб ўтди. Солиқ имтиёзлари кўпи билан 3 йилгача берилиши инобатга олиниб, лойиҳадаги 2023 йил 1 ноябрдан деган жумла 2024 йил 1 январь деб ўзгартирилди.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида депутатлар томонидан берилган таклифлар, фикр-мулоҳазалар эътиборга олингани билан қизиқдилар. Қонун лойиҳасидаги айрим нормалар юзасидан депутатлар томонидан бир қатор фикрлар билдирилди. Шундан келиб чиқиб, масъул қўмита уни янада такомиллаштирадиган бўлди.

 

М.Комилова,  

ЎзА