Бугун Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Европа комиссияси вице-президенти Маргаритис Схинас билан учрашди. Суҳбат чоғида давлат раҳбари Қирғизистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳам минтақалараро, ҳам икки томонлама фаол ривожланиши динамикасини мамнуният билан қайд этган.

Ҳамкоримиз “Кабар” ахборот агентлиги хабар беришича, Президент ва Европа комиссияси вице-президенти кенг кўламли масалаларни, жумладан, Қирғизистон учун устувор лойиҳалар, инвестициялар, молиялаштириш, банк муносабатлари истиқболлари ва минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди.

29-30 январь кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган, транспорт алоқаларини ривожлантиришга қаратилган инвесторлар форумининг Қирғизистон учун аҳамияти алоҳида таъкидланган.

Қирғизистон Республикасида инсон ҳуқуқлари масаласига тўхталар экан, давлат раҳбари фаол фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва интернетдан фойдаланиш имконияти, онлайн маконда ишончли ахборот тарқатиш муҳимлигини айтган.

Еврокомиссия вакили Маргаритис Схинас, ўз навбатида, Марказий Осиёдаги ижобий ўзгаришларни юқори баҳолаб, Қирғизистон билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлигини билдирган. У комиссия жорий даврни тарихий “момент” сифатида кўриб, ушбу ижобий тенденцияларни фаол қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

Вице-президентнинг Қирғизистонга ташрифи, асосан, иқлим лойиҳалари, рақамлаштириш ва транспорт йўлакларини ривожлантириш масалаларига қаратилган.

Европа Иттифоқининг Тошкентдаги ваколатхонаси хабар беришича, юқори мартабали меҳмон эртага, 16 январь куни Ўзбекистонга ҳам келади.

Ташриф давомида Президент Шавкат Мирзиёев, Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

– Мен Марказий Осиё давлатларига амалий ташрифимни бошлаяпман, – деди Маргаритис Схинас. – Ташриф 29-30 январь кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган йирик форум доирасида амалга оширилмоқда. Ушбу минтақага сафар Европа Иттифоқи ва МО ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари кучайиб бораётганидан далолат.

Эслатиб ўтамиз, дипломат мамлакатимизга охирги марта 2021 йил ноябрда келганди.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА