Тиббиёт ва таълим соҳасидаги ўзгаришларда сенаторлар муҳим ўрин тутмоқда

Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланди. Шунингдек, педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликнинг кучайтирилишига доир қонунлар қабул қилинди.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мазкур қонунлар қабул қилинишида масъул бўлди. Бу қонунлар Сенат томонидан маъқулланиши тиббиёт ва педагог ходимларнинг ўз хизмат вазифаларини бажариши жараёнида турли хил аралашувлар, тўсқинликларнинг камайишига хизмат қилмоқда.
Мазкур қўмитанинг 2023 йилдаги фаолияти муҳокамасига бағишланган йиғилишида шу ҳақда сўз юритилди.
Қўмита назорат-таҳлил фаолиятида қатор ўрганишлар ўтказди. Хусусан, оилавий шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиника ва маҳалла тиббиёт пунктларида аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ўрганилиб, бунда “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунда белгиланган нормалар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Қўмита аъзолари ўтган йилда фан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида қонунчиликни мустаҳкамлаш, аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, фаолият йўналишига оид қонунлар ижроси юзасидан назорат-таҳлил жараёнларида фаол иштирок этди.
Қўмита томонидан 2023 йилда 15 та мажлисда 25 та масала кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида 2022/2023 ўқув йили давомида мактабларнинг бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат бериш тизимини ўрганиш натижалари ҳам қўмита мажлисида қизғин муҳокама қилинди.
Оилавий болалар уйларида тарбияланаётган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга яратилаётган шароитлар ўрганилиб, Сенат кенгашига таҳлилий маълумот киритилди.
“Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонунни амалга оширишга доир “Йўл харитаси” ижроси қўмитанинг доимий назоратида бўлди. “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ечимига Ҳукумат, масъул вазирлик ва идоралар эътибори қаратилди ҳамда масалаларни ҳал этиш чоралари кўрилди.
Бундан ташқари, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича Сенат ялпи мажлисида муаммоли масалалар кўтарилиб, уларнинг ечими борасида иш олиб борилди.
Жумладан, Андижон вилояти Булоқбоши тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли жарроҳлик бўлими биносини таъмирлаш масаласига мутасаддилар эътибор қаратиши сўралди. Мазкур тиббиёт бирлашмасини таъмирлаш 2024 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилди.
Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси ҳудудий бўлинмалари вакилларига қурилиш объектларини қабул қилиш бўйича махсус электрон платформадан фойдаланиш имконияти чеклаб қўйилгани ҳақида мурожаат қилинган эди. Мазкур масала Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан ижобий ҳал этилди.
Ўтган йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 3 минг 454 мурожаат, шундан 1 минг 909 мурожаат Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар томонидан кўриб чиқилди. Жойларда эса 2,1 мингдан зиёд фуқаро қабул қилинди.
Ҳудудлар ва сайловчилар манфаатларига тааллуқли муаммоларни ҳал этиш борасида мутасаддиларга 28 сенатор сўрови юборилди.
Бундан ташқари, сенаторлар томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ҳомийлик ёрдамлари ажратилишига кўмаклашилди.
Н.Абдураимова, ЎзА