АҚШ Конгресси Украинага янги ёрдам бўйича келишиб олишдан бош тортгач, Байден маъмурияти Россия Федерациясининг музлатилган активларининг бир қисмини Украина фойдасига мусодара қилишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади,  деб ёзади “Bloomberg”.

Нашрнинг хабар беришича, АҚШ президенти Жо Байден бу ғояни қўллаб-қувватлаган. Украинанинг  тикланишини қўллаб-қувватлаш учун керак бўладиган тахминан 300 миллиард долларлик Россия маблағлари музлатилган. Ҳозирги кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаси эса бу маблағларни Украина фойдасига мусодара қилиш учун зарур бўлган ваколатларни беради. Биламизки, Конгрессдаги республикачилар Киевга кейинги ёрдам учун 60 миллиард доллар миқдорида маблағ ажратилишини тўсиб қўйганидан кейин Байден Россия активларининг мусодара қилинишини қўллаб-қувватлашдан бошқа иложи қолмади.

Маълумотларга кўра, Оқ уйнинг бу борада хавотирлари ҳам йўқ эмас. Масалан, Россия активларининг мусодара қилиниши АҚШ молия тизимининг обрўсига  салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, Вашингтон бу қадамни G7 иттифоқчилари билан, хусусан, европаликлар билан мувофиқлаштириш ниятида, чунки Россия Федерацияси музлатилган активларининг умумий миқдорининг тахминан 200 миллиард доллари ЕИ мамлакатларида жойлашган.

Шундай қилиб, Ғарб Россия Федерациясининг музлатилган активларини Украинага ўтказиш йўлларини қидирмоқда. 2023 йилнинг ёзида ЕИ ишчи гуруҳи Россия активларини мусодара қилишнинг  қонуний йўли йўқ, деган хулосага келган эди. Шундан сўнг, ЕИ музлатилган маблағларни қайта инвестиция қилиш имкониятларини ўрганишга эътибор қаратди.