Омбудсман: янги йилдаги илк мониторинг Навоийдаги колонияда ўтказилди

2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорида Омбудсманга қийноқларнинг олдини олиш мақсадида жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифлари амалга ошириш тизимини йўлга қўйиш белгиланган.
Шу асосда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда унинг ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари мамлакатимиздаги барча жазони ижро этиш ҳамда бошқа турдаги ёпиқ муассасаларда мунтазам мониторинглар амалга оширмоқда. Аниқланаётган камчиликларни бартараф этиш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Жорий йилдаги илк мониторинг ташрифи Навоий шаҳрида жойлашган 11-сонли жазони ижро этиш колониясига амалга оширилди.
Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари таркибида нодавлат нотижорат ташкилотлари, жумладан, “Юксалиш” ҳаракати ва “Ҳуқуқий таянч” нодавлат нотижорат ташкилоти раислари иштирок этиб, муассасадаги шароитлар билан танишди.
Ташриф давомида маҳкумлар билан суҳбатлашилди. Колониянинг ётоқ жойлари, ошхона, кутубхона, даволаш бўлими, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудидаги шароитлар ўрганилди.

Маҳкумларнинг ётоқ жойлари кўздан кечирилганда, ушбу колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум Даулетмурат Тажимуратов билан ҳам учрашилди.
Суҳбат давомида Д.Тажимуратов колониядаги шароитлар Омбудсман томонидан ўтказилаётган мониторинг ташрифлари натижасида яхшиланиб бораётганини, озиқ-овқат таъминоти яхшилигини, қийноқ ёки тазйиқ ўтказиш ҳолатлари мавжуд эмаслиги, тиббий ёрдам керак бўлганда вақтида ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилди.
Колония раҳбарияти билан ўтказилган суҳбатларга ва амалга оширилган ўрганишларга кўра, Д.Тажимуратов қонунчиликда белгиланган тартибда жазо муддатини ўтамоқда. Унинг Жиноят-ижроия кодексида белгиланган ҳуқуқлари таъминламоқда ва ушбу кодексда белгиланган мажбуриятлар татбиқ этилмоқда. Алоҳида чекловлар ўрнатилмаган ёки имтиёзлар тақдим этилмаган. Шунингдек, ўтказилган суҳбат давомида унга амалдаги қонунчилик талаблари тушунтириб ўтилди.
Мониторинг ташрифи давомида аниқланган камчиликлар юзасидан уларни ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилади.
Омбудсман ахборот хизматига кўра, қийноқларнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан, мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар тегишли давлат органлари билан бир қаторда Олий Мажлис палаталарига ҳам тақдим этиб келинмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА