ФОТОРЕПОРТАЖ

Кейинги йилларда мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида  халқимиз фаровонлигини ошириш, муносиб турмуш шароитини яратиш, аҳолини рози қилиш борасида кенг кўламли ишлар  амалга оширилмоқда.

Айниқса, Қорақалпоғистон Республикасини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш борасидаги манзилли ишлар ўз натижасини бермоқда. Бу борада қабул қилинган қатор қарорлар асосида ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, маҳаллаларни обод қилиш, хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, олий таълим муассасалари учун ёшларга қўшимча квоталар ажратиш каби ишлар бажарилмоқда.

Хусусан, Конституциямиз қабул қилинганининг 31 йиллиги арафасида Нукус шаҳридаги “Гоне қала” маҳалла фуқаролар йиғинида фойдаланишга топширилган 10 та кўп қаватли турар жой биноси ҳам ана шундай чора-тадбирларнинг амалий намунаси бўлди.

Ҳар бири 42 хонадондан иборат 10 та кўп қаватли турар жой биносининг қурилиши учун тижорат банклари томонидан 96,2 миллиард сўм миқдорида кредит маблағи ажратилди. Ушбу турар жойлардан 20 та хонадон кўзи ожиз ва имконияти чекланган фуқароларга топширилди.

Амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар юртимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб, одамларнинг ўз орзу-ниятларига мос равишда ҳаёт кечиришига замин яратмоқда.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА