Сенат: битта қўмитада 2 мингдан ортиқ мурожаатнинг 80 фоизи ижобий ҳал этилди

357

Қонунчилик фаолиятини амалга ошириш доирасида Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан 2023 йилда 18 қонун кўриб чиқилди.

Хусусан “Рақобат тўғрисида”, “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”, «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги муҳим қонунлар мутахассислар ва олимлар, экспертлар фикрларини инобатга олган ҳолда кўриб чиқилиб, ялпи мажлисларга киритилди.

Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан 2023 йилда амалга оширилган ишлар муҳокамасига бағишланган мажлисда шу ҳақда сўз юритилди.

Аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган муҳим қонун ва масалалар билан бир қаторда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш каби қатор масалалар бўйича қонун ҳужжатларининг ижроси юзасидан 24 ўрганиш ўтказилди.

Уларнинг натижалари Сенат ялпи мажлислари ва қўмита йиғилишларида кўриб чиқилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасадди ташкилотларга тегишли тавсия ва аниқ таклифлар берилди.

Қўмита ташаббусига кўра, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, унда белгиланган вазифалар ижроси доимий ўрганиб борилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан парламент назоратининг самарадорлигини ошириш бўйича ҳам қўмита томонидан қатор ўрганишлар ўтказилди.

Қўмита аъзолари томонидан парламент назоратининг сенатор сўрови шаклидан самарали фойдаланган ҳолда тегишли давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, бошқа давлат ташкилотлари ва муассасаларига 40 та сенатор сўрови киритилиб, жойларда фуқаролар томонидан кўтарилган муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилди.

Халқ билан бевосита мулоқот қўмита аъзолари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлди. Аҳолининг мурожаатларини эшитиб, муаммоларини ҳал этиш мақсадида сайловчилар билан 757 учрашув ташкил этилди. Қўмитага келиб тушган 2 минг 266 мурожаатдан 80 фоизини ижобий ҳал этишга эришилди. Қолган масалалар бўйича тегишли тушунтиришлар берилиши таъминланди.

Тадбирда қўмита аъзоларининг фаолият сарҳисобига оид мулоҳазалари ва фикрлари тингланиб, 2024 йилда қўмита олдида турган асосий вазифалар белгиланиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА