Қозоғистоннинг “Казмунайгаз” миллий компанияси Ғарбий Прорва ва Қаламқас конларини 2027 йилда ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Казмунайгаз” матбуот хизмати хабар бермоқда.

“2027 йилда “Казмунайгаз” Ғарбий Прорва ва Қаламқас конларини ишга тушириш ниятида. Газ қазиб олиш йилига 1,1 миллиард куб метрни ташкил этиши кутилмоқда. Халқаро компаниялар билан биргаликда жами 12 та истиқболли геология-қидирув лойиҳалари, шунингдек, мавжуд конларни қўшимча разведка қилиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда”, — дейилади хабарда.

Компаниянинг таъкидлашича, 2023 йилда учта янги конни эксплуатация қилиш аллақачон бошланган. Улар Жанубий Оқсай, Шарқий Уриктау, Рожковская конларидир.

Яқин 3-4 йил ичида “Казмунайгаз” Марказий Уриктау конида қазиб олиш ишларини бошлайди. Бу йилига 1 миллиард кубометр газни ташкил этади, дейилади ҳисоботда.

Бундан ташқари, “Казмунайгаз” газ стратегиясини ишлаб чиқмоқда. Унинг доирасида 2030 йилгача табиий газ қазиб олиш ҳажмини Тенгиз, Карачаганак ва Қашағон каби йирик лойиҳаларни ҳисобга олмаганда йилига 6,7 миллиард куб метрга етказишни режалаштирмоқда.

ЎзА