“Рёнхап” ахборот агентлигининг хабар тарқатишича, бугун эрталаб соат соат 9:00 да Шимолий Корея армияси Жанубий Кореянинг Пэннёндо ва Ёнпхёндо оролларига қарата икки соат мобайнида замбараклардан 200 дан зиёд ўқ узган. Гарчи снарядлар шимолликлар ҳудудига тушиб,  Жанубий Корея зарар кўрмаган бўлсада, бу воқеа ярим оролда вазиятни кескинлаштиргани ва хавотирга сабаб бўлгани турган гап. Чунки, 2010 йилда ҳам Ёнпхёндо ороли қарама-қаршилик объектига айланган эди. Ўшанда Шимолий Корея  замбараклардан ўт очиши оқибатида икки нафар денгиз пиёдаси ва икки нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган, ўндан зиёд аскар ва маҳаллий аҳоли вакиллари яраланган, оролга ҳам сезиларли зиён етказилган эди.

Табиийки, КХДР томонидан уюштирилган навбатдаги  отишмалар  туфайли орол аҳолиси ҳаёти яна хавф остида қолган. Шу боис Жанубий Корея ҳарбийлари тавсиясига кўра, Ёнпхёндо оролидан аҳолини кўчириш ҳақида эълон берилган.

Рёнхап” ахборот агентлигининг маълум қилишича, бу галги отишмалар натижасида қурбонлар қайд этилмаган, фуқаро объектлари ҳамда ҳарбий инфратузилмаларга зиён етмаган, снарядлар икки давлат денгиз чегараси яқинида шимолликлар томонига келиб тушган.

Агентликнинг таъкидлашича, 2018 йил 19 сентябрда Жанубий ва Шимолий Корея ҳарбийлари ўртасида денгиз чегарасида ҳарбийлаштирилмаган ҳудуд ўрнатилган эди. Бундан кўзланган мақсад, Сариқ ва Шарқий денгизнинг ушбу ҳудудларида ҳарбий тўқнашувларнинг олдини олиш бўлган. Мазкур ҳудудда замбараклардан ўт очиш ва бошқа ҳаракатларни амалга ошириш ушбу ҳарбий келишув шартларини бузишни англатади.

Хабарларга кўра, Инчхон шаҳрининг Ёнпхёндо ороллар гуруҳи жойлашган Ёнпхён тумани маъмурияти аҳолини хавфсиз жойга кўчириш ҳақида икки марта эълон берган.

Сўнгги пайтларда Корея ярим ороли атрофида кескинлик анчайин таранглашгани халқаро ҳамжамиятни хавотирга солмоқда. 2023 йилда Шимолий Кореянинг Япон денгизига қарата бир неча бор ракета учириб, ҳарбий синовлар ўтказгани турли муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Япония ва Жанубий Корея мамлакатлари шимолликларнинг ҳаракатларини қоралаб, мунтазам равишда огоҳлантириб келишларига қарамай, КХДР етакчиси Ким Чен Ин ўзининг кескин баёнотларини тўхтатмаяпти. Мисол учун, яқинда у агар икки мамлакат ўртасида ядровий можаро юзага келса мамлакат армияси Жанубий Кореянинг барча ҳудудини эгаллаб олиш учун тўхтовсиз тайёргарлик кўриш керак, деб баёнот берди. Шунингдек, Шимолий Корея Марказий телеграф агентлигининг хабар беришича, мамлакат раҳбари ушбу урушга барча восита, жумладан, ядровий имкониятлар ҳам жалб қилинишига тайёр туриш керак, деган.

Аввалроқ КХДР етакчиси мамлакат ҳарбий-денгиз кучларининг сувости ва сувусти кучларини мустаҳкамлаш, шунингдек, ўзи учар қурилмаларнинг кўплаб турларини ҳамда радиоэлектрон воситаларини ишлаб чиқишни тезлаштириш зарурлигини таъкидлаганди. Бундан ташқари, фуқаро мудофаа соҳасида душманнинг ҳарбий ҳаракатларига фаол ва ташаббускор қарши туриши учун аскарларни ўқитиш усулларини тўхтовсиз янгилаб бориш кераклигини айтган.

С.Раҳимов, ЎзА