Қозоғистоннинг Уральск шаҳрида кафе биносининг қулаши оқибатида икки киши ҳалок бўлди, олти киши жароҳатланди. Бу ҳақда Ғарбий Қозоғистон вилояти Фавқулодда вазиятлар департаменти матбуот хизмати хабар берди.

“Айни вақтда фавқулодда хизматлар кучлари томонидан вайрон бўлган иншоотлар остидан 6 киши қутқарилган, улардан 5 нафари тиббиёт муассасаларига етказилган, 1 нафари касалхонага ётишдан бош тортган. Шунингдек, вайрона остидан 2 нафар инсон жонсиз ҳолда топилган. Уларнинг шахсига аниқлик киритилмоқда. Тахминларга кўра, вайрона остида яна одамлар бўлиши мумкин. Қутқарув ишлари давом этмоқда”, — дейилади хабарда.

Воқеа жойига Ғарбий Қозоғистон вилояти фавқулодда вазиятлар хизмати кучлари, полиция, маҳаллий ижроия органлари ва тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари, жами 110 нафардан ортиқ киши ва 30 та техника жалб қилинган.

Бинонинг қулашига газ-ҳаво аралашмасининг портлаши сабаб бўлган дея тахмин қилинмоқда.

Н.Мардонов, ЎзА