Оммавий ахборот воситалари ходимларининг ахлоқий масъулиятини ошириш стратегиялари
Президентимиз раислигида 2023 йил 22 декабрь куни ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маънавият, маърифат, маданият, санъат ва ижод соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги муҳокамаси, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб берилди.
Давлатимиз раҳбари янги Ўзбекистонни бунёд этиш, учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасидаги кенг кўламли ишларда айнан маънавий-маърифий ислоҳотларни янада кенгайтиришга урғу қаратаётгани бежиз эмас.
Ижтимоий тармоқлар орқали, баъзан, мамлакатимизнинг ўзида ҳам Конституция ва қонунларимизга зид позициялар илгари сурилаётгани кузатилмоқда. Айримлар ёлғон маълумот тарқатиб, ўз обуначиларининг кўламини кўпайтириш орқали қонунчилигимизда ёлғон ахборот тарқатганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик мавжудлигига лоқайд бўлиши ҳолатлари учрамоқда.

2023 йилнинг 26 ноябрь санасида Саудия Арабистони Қироллигининг Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) ва Мусулмонлар жаҳон лигаси (MЖЛ) ташаббуси билан “Оммавий ахборот воситаларида нафрат ва зўравонлик тарқалиши авж олишини камайтириш” мавзусида бўлиб ўтган халқаро форум Президентимиз таъкидлаган масала билан ҳамоҳанг бўлди. Форумда медиа экспертлари, мутафаккирлар ва диний етакчилар мураккаб халқаро воқеалар ва нозик маданий-диний ўлчовларга эга бўлган муаммоларни ҳал қилишда халқаро оммавий ахборот воситаларига юкланган маънавий масъулият муҳокамасига катта эътибор қаратди.
Халқаро минбарда сўз олган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош муҳаррир ўринбосари Ўткир Алимов оммавий ахборот воситаларида, айниқса, ижтимоий тармоқларда асоссиз равишда кўпайиб бораётган сохта хабарлар ва нотўғри маълумотларга қарши курашиш бўйича халқаро миқёсда янги стратегия зарурлигини таъкидлади. Бу ўз навбатида ички алоқа ва бошқарувни такомиллаштириш, ташқи аудитория билан тизимли алоқаларни ўрнатиш зарурияти билан боғлиқ.

Ў.Алимов халқаро оммавий ахборот воситаларининг одамларга нисбатан нафрат мафкурасига барҳам бериш, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, дунёдаги барча инсонларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини ҳимоя қилиш йўлида биргаликда ишлаши зарурлигини таъкидлаб, ахлоқий масъулиятни юксалтиришда қонунчиликнинг муҳимлиги, ОАВ ва ҳуқуқ соҳалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликда фаолият олиб бориш зарурлигини урғулади.
ЎзА ходими халқаро форумда ОАВ ходимлари ўз касби билан шуғулланаётганда катта маънавий масъулиятни ҳис қилишлари кераклигини айтиб, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир” деган юксак эътирофи билан чиқишини якунлади.
Дарҳақиқат, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарадорлиги аввало халқ маънавиятининг ривожланиши, бой тарихий меросимизнинг чуқур ўрганилиши, анъана ва урф-одатларимизнинг сақланиши, маданият ва санъат, фан ва таълим ривожи, энг муҳими, жамият тафаккурининг ўзгариши ва юксалиши билан узвий боғлиқдир.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА