Экспертлар 2024 йилда жаҳон ҳамжамияти халқаро савдо-сотиқнинг секинлашуви, сиёсий қарама қаршиликларнинг кучайиши ва янги инқирозлар билан юзма-юз келиши мумкинлиги ҳақида таъкидлашмоқда.
Улар халқаро савдо ва инвестициялар ўсишининг секинлашуви, ҳамда миллий, минтақавий ва глобал даражада сиёсий қарама-қаршиликлар мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорликларига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтишмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бунга бутун дунёда ортиб бораётган жамоатчилик норозиликлари, халқаро можароларнинг кўлами ва суръати сабаб бўлиши мумкин.
Масалан, 2024 йилда Америка-Хитой муносабатларида кескинлик ортиши эҳтимоли мавжуд. Ўтган йили ноябрда Хитой раиси Си Цзиньпин ва АҚШ президенти Жо Байден Осиё Тинч океани иқтисодий ҳамжамияти саммитида учрашган эди. Икки давлат раҳбарлари мулоқоти чоғида кўп масалалар муҳокама қилинган, лекин келишмовчиликларнинг туб илдизлари нафақат ҳал қилинди, балки кўриб чиқилмади ҳам. Қолаверса, жорий йилда АҚШда президент сайлови бўлиб ўтиши ҳисобга олинса, Байден маъмурияти барчанинг кўзида қатъиятини кўрсатиб, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларни рўкач қилади ва Хитой билан иқтисодий ҳамда технологик алмашинувларни чеклаб қўйиши мумкин. Бу ўз навбатида, Хитой томонидан жавоб чоралари кўрилишига сабаб бўлади”, – дейди экспертлар.
2024 йилда ҳарбий можароларнинг асосий ўчоқлари Яқин Шарқ ва Африкада кузатилиши мумкин. Шунингдек, ҳудудий талашувлар оқибатида Жанубий Америкада, хусусан, Венесуэла ва Гайана ўртасида ҳам ҳарбий можаро келиб чиқиш эҳтимоли сақланиб қолмоқда.
Яқин Шарқда, хусусан, Қизил денгизда хусийлар томонидан савдо кемаларига уюштирилаётган ҳужумлар жавобсиз қолмаса керак. Глобал кўламдаги юк ташишлар хавф остида қолаётган экан, табиийки, кемаларни ҳимоя қииш учун ҳарбий кучлар жалб қилиниши турган гап. Амалда шундай бўлиб чиқди ҳам. Пентагон раҳбари Ллойд Остин хусийларнинг тижорат кемаларига ҳужуми муносабати билан Қизил денгизни ҳимоя қилиш бўйича кўпмиллатли амалиёт бошланганини маълум қилди.
Исроил огоҳлантиришларга қарамай Ливан ҳудудида ҳарбий амалиётлар ўтказишдан ўзини тиймаяпти. Натижада Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлар яқин атрофдаги давлатларга тарқалиши хавфи юқорилигича қолмоқда. Сурия ва Ироқда ҳам ҳарбий можаролар кучайиши эҳтимоли юқорилигича қолмоқда. У ерда шиа гуруҳлари АҚШ ҳарбий базаларига ҳужум қилишда давом этмоқда, бу эса жуда қаттиқ жавоб чораларига олиб келиши мумкин.
Венесуэла ва Гайана ҳозирча ҳудудлар бўйича муаммоларни музокаралар ёрдамида ҳал қилишга келишиб олди, лекин катта эҳтимол билан бу келишувга амал қилинмаслиги мумкин. Венесуэла президенти Николас Мадуро ушбу нефть ва газга бой бўлган ҳудуддан воз кечиб кетавермаса керак, дейди кузатувчилар. Ўз навбатида Гайана ҳам ҳудудини бермаслик чораларини кўради. Масалан, яқинда Буюк Британия ўзининг қўриқчи кемасини Гайана соҳилларига жойлаштирди. Кўриниб турибдики, кичкина ва аҳолиси оз бўлган Гайана ортида қудратли давлатлар турибди.
Ўтган йили Буркина-Фасо, Нигер, Руанда ва Конго Демократик Республикасида тинчимаган можаролар 2024 йилда ҳам давом тиши мумкин. Бу минтақада можаронинг сабаби электроника ишлаб чиқаришда ишлатиладиган фойдали қазилма конлари бўлмоқда.
Уруш ўчоқлари кўпайиши дунё иқтисодиёти ва хавфсизлигига ҳам сезиларли таъсир этиши шубҳасиз. Чунки ҳарбий можаролар кўпайган сари, қуролланиш пойгаси ҳам авж олади. Мисол учун, дунёдаги энг йирик мудофаа компанияларининг олган буюртмалари ҳажми сўнгги йилларда сезиларли равишда ошган.
Сармоядорларнинг қурол-яроғ бизнесига қизиқиши ортаётганига мудофаа буюртмаларига давлатнинг юқори харажатлари даври давом этаётгани сабаб бўлмоқда, десак муболаға бўлмайди. Зеро, урушлар қанча-қанча одамлар бошига кулфат ёғдиришига қарамай, унинг ортидан қурол-яроғ корчалонлари мўмай даромад кўриши азалдан маълум.
С.Раҳимов, ЎзА