Давлат раҳбарининг бевосита ташаббуси ва тавсияси асосида Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудудни ободонлаштириш билан бирга, ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хайрли ташаббуслар доирасида 2022-2024 йилларда Хўжайлида қиймати 549 миллиард сўмга тенг лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мазкур кенг қамровли ишлар туманда саноат ишлаб чиқариши ва хизмат кўрсатиш тармоқларини кенгайтириш, янги ерларни ўзлаштириб, боғ-роғлар барпо этиш, йўл таъмири, ирригация тизимини тартибга келтириш, гидропоника усулида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, ҳудуд инфратузилмасини равнақ топтириш каби йўналишларда қатор лойиҳаларни ўз ичига олади. Бухоро тажрибаси асосида рўёбга чиқаётган бу янгиланишлар пировардида ҳудудни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш имконини беради.
Айни кунда Саройкўл, Сомонкўл, Найманкўл, Кўлоб, Амударё, Бегжап, Кенагас, Сариганкўл, Жанажап каби қишлоқ овуллари ва 18 та маҳалладан таркиб топган Хўжайли туманида бугунга келиб 127 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Оролбўйи тумани аҳолисига 3 та шифохона, 5 та поликлиника, 9 та қишлоқ врачлик пункти тиббий хизмат кўрсатмоқда. Бухоролик тор соҳа мутахассисларидан иборат мобиль тиббий бригадалар овул поликлиникаларида аҳоли саломатлигини назоратдан ўтказмоқда. Бухоро давлат тиббиёт институтининг малакали профессор-ўқитувчилари туманнинг Ойбек маҳалласидаги оилавий поликлиникада аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиб, тегишли тавсияларини беришмоқда.
Хўжайлида амалга оширилаётган ишлардан вилоят Автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси жамоаси ҳам четда қолмаган. Чунончи, йўлсозлар “Саришунгул” овул фуқаролар йиғини, Насия кўчасида 400 метр, “Жана-жап” овул фуқаролар йиғини Алим овулида 1,2 километр, “Водник” маҳалласида 400 метр йўлга шағал ётқизди. Хўжайли тумани маҳаллий йўлсозлар жамоаси билан ҳамкорликда марказий кўчаларни асфальтлаштиришда жонбозлик кўрсатди.
Бухоро вилояти ҳокими Хўжайлида бўлиб, жумладан, йўлсозлар олдига қўйилган вазифаларидан келиб чиққан ҳолда Жайхун, Сомонкўл ва Ангар овуллари қатор кўчаларида таъмирлаш, шағал ётқизиш ва асфальт қилиш ишлари амалга оширилган. Жумладан, Жайхун овули, Шуҳрат кўчасида 610 метр, Сувчилар кўчасида 800 метр, Сомонкўл овулининг Райҳон ҳамда Румий кўчалари ҳар бирида 900 метр, Ангар овулида 700 метр йўл қисми қайта қурилиб, кенгайтирилган ва шағал тўкилгани ҳолда бир қисмига асфальт ётқизилган.
Бухоролик йўлсозлар меҳнати билан Самонкўлдаги Афғон қишлоғининг 4- кўчасида 1260 метр, 5-кўчасида 495 метр, 6-кўчасида 170 метр, 7-кўчасида 475 метр, 8-кўчасида 375 метр, 9-кўчасида 320 метр ички тупроқ йўлларга шағал тўкилиб, 4 километр йўл қурилиши бажарилган.
Биргина ўтган йил давомида туманда 36 километр автомобил йўли таъмирдан чиқарилгани овулда истиқомат қилаётган аҳолини мамнун қилмоқда.
Янги йил байрами олдидан вилоят ҳокимининг ўринбосари Жалол Арашов бошчилигидаги мутасаддилар Оролбўйида бўлиб, Хўжайли тумани аҳолиси турмуш тарзидаги янгиланишлар билан яқиндан танишди.
Навбатдаги ўрганиш доирасида, аввало, республика Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги 52-сонли “Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ўтган давр мобайнида Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан Хўжайли туманида амалга оширилган ишлар ҳамда 2024 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида шу йил 27 декабрь куни Халқ депутатлари Хўжайли тумани Кенгашига ҳисобот берилди.
Хўжайли тумани “Парвоз” маҳалла фуқаролар йиғинидаги фойдаланилмаётган, бўш турган бинони 150 ўринли мактабгача таълим ташкилотига мослаштириш, марказий стадионни реконструкция қилиш ҳамда 3,5 километр масофада саломатлик ва пиёдалар йўлагини қуриш объектларининг лойиҳалари муҳокама қилиниб, бу борада лойиҳачи ва пудрат ташкилотларига тегишли кўрсатмалар берилди. Ушбу мақсадлар учун 15 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.
Оролбўйи аҳолиси ижтимоий муҳофазасига доир амалга оширилаётган ишлар ҳам эътиборга молик. Ўтган ойларда тумандаги 143 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оиланинг 1,6 миллиард сўмлик моддий ёрдам кўрсатиш орқали бандлиги таъминланган. Бу жараёнда ижтимоий ҳимояга муҳтож 100 та оилага қиймати 1,3 миллиард сўмлик ихчам иссиқхоналар қуриб, 20 та хонадоннинг ҳар бирига 100 бошдан, қиймати 120 миллион сўм бўлган жами 2 минг бош товуқ ҳамда маҳаллада яшовчи ишсиз фуқароларга қиймати 161 миллион сўмлик, қуввати 500 бош жўжа чиқаришга мослаштирилган 23 та инкубатор ускунаси етказиб берилган.
Шу кунларда яна 74 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага 120 миллион сўмга тенг моддий ёрдам кўрсатилаётгани ҳамда 54 нафар ишсиз фуқарога тикув машинаси, чорва моллари ва парранда олиб берилаётгани ҳисобидан бандлиги таъминланаётгани юқоридаги фикримиз далили. Қолаверса, вилоят ҳокимлиги томонидан Хўжайлидаги 14 та маҳаллага 20 дона маиший хизмат ва савдо хизмати кўрсатиши учун контейнерлар етказиб берилгани мақсадга мувофиқдир.
Оролбўйи аҳолиси саломатлигини муҳофазалаш борасида ҳам вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тажрибали тиббиёт ходимларининг ўз ўрни ва хизмати бор.
Бухоро давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчиларидан иборат 50 кишидан ортиқ жамоа Хўжайли тумани аҳолисини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, даво муолажаларини белгилаш, шунингдек, бирламчи тиббий-санитария тизимида фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жами 10 минг нафардан ортиқ фуқаро саломатлигини тиббий текширувдан ўтказган. Аниқланган касалликлар бўйича 6 084 нафарига амбулатор ва 777 нафарига стационар шароитда даволаниш тавсия этилган.
Шунингдек, беморларнинг 202 нафарида жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилган бўлса, шундан 48 таси юқори технологик операциялар ҳисобланади. Қолаверса, айни пайтда Хўжайли туманидан жами 31 нафар операцияга муҳтож бемор Бухоро вилоятининг ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида жарроҳлик амалиётини ўтказиш ва даволаш учун ётқизилган. Бу беморларнинг 5 нафари консерватив даволанган бўлса, қолган 26 нафарида жарроҳлик амалиёти ўтказилган, шундан 22 таси юқори технологик операциялар ҳисобланади.
Оролбўйи тумани туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Бухоро вилоят ҳокимлигининг маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан умумий қиймати 629 миллион сўмлик, 8 турдаги зарур тиббий асбоб-ускуналар харид қилиниб, фойдаланишга топширилган. Ҳозирги кунга қадар 3 та маҳаллада тиббиёт пунктларини ташкил этиш учун махсус контейнерлар етказиб берилган.
Айни янги йил шодиёнаси олдидан хўжайлиликларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, даво муолажаларини белгилаш, шунингдек бирламчи тиббий-санитария тизимида фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Бухородан малакали шифокорлар гуруҳи етиб бориб, аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Қурилиш-таъмирлаш ва ҳудудни ободонлаштириш борасида ҳам диққатга сазовор ишлар рўёбга чиқарилаётгани қувонарли, албатта.
Масалан, “Саришунгил” овул фуқаролар йиғинида жойлашган “Ижтимоий шаҳарча” атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари учун Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан 2,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
Хўжайли туманидаги 926 та якка тартибдаги уй-жой тўлиқ хатловдан ўтказилиб, натижада 899 та уй-жойнинг том қисмини таъмирлаш ҳамда 27 та уй-жойда қайта қуриш аниқланиб, бугунги кунда барча объект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Якунига етаётган жорий йилда ҳудуддаги 63 та уй–жойнинг том қисмида таъмирлаш ишлари бажарилган бўлса, бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда. Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси томонидан Оролбўйидаги 32 та қўп қаватли уйнинг фасад қисми таъмирдан чиқарилиб, бу ишлар учун вилоят маҳаллий бюджетидан 1 миллиард 700 миллион сўм маблағ сарфланган.
Хўжайлида ирригация -мелиорация тадбирларини рўёбга чиқариш учун махсус ишчи кучи ва техника-механизмлар жалб қилингани ҳолда “ХКС” коллекторининг 45 километр қисмининг икки томони тўлиқ тозаланди. Бу йирик қамровли лойиҳага 1 миллиард 350 миллион сўм сармоя сарфланган. Шунингдек, ҳудуддан ўтган “Жанажап” каналининг 19,4 километр қисми икки томонлама, жами 38,8 километр масофада қазилгани сув етказиб бериш барқарор изга солинишини таъминлайди. Қазиш ишларига ўнга яқин экскаватор ва бульдозер жалб этилган. Бу каби саъй-ҳаракат туфайли ҳудуддаги 500 гектар экин ерининг унумдорлиги оширилиб, сув таъминоти яхшиланмоқда. Жорий йил 10-11 декабрь кунлари Бухородан Хўжайлидаги хўжаликлараро ички ариқларни бетонлаштириш мақсадида 70 тонна цемент ва 10 дона бетон қориш мосламаси беғараз етказиб берилгани ҳам шундай хайрли мақсадга хизмат қилади.
Умуман, Оролбўйидаги ўрганишлар давомида вилоят мутасаддилари Хўжайли тумани ҳокими Женгес Ермашев билан биргаликда ҳудуддаги 17-сон ҚМШБШ, 3 ва 6-сон мактаб-интернатларида бўлди. Бу ўринда, мазкур муассасаларда тарбияланаётган баркамол авлод вакиллари учун безатилган арча атрофида янги йил байрам тадбири ташкиллаштирилди. Шу куни 460 нафар тарбияланувчига совға-саломлар топширди. Бунга жавобан бухоролик меҳмонларга таълим даргоҳлари ёшлари ўзлари тайёрлаган концерт дастурини намойиш қилди.
Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан Хўжайли туманида Янги йил байрами олди арзонлаштирилган нархдаги қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотлар савдо ярмаркаси ташкил этилди.
“Хўжайли деҳқон бозори”даги арзонлаштирилган савдо ярмаркаси фаолияти аҳолига қулай бўлди. Унда бухоролик фермер хўжаликлари, тадбиркорлар, қайта ишлаш корхоналари, агрофирмалар томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотлар арзон нархларда сотилди. Хусусан, икки кунлик ярмарка давомида 5 тонна ун, 10 тонна сабзи, 5 тонна картошка, 10 тонна пиёз, 5 тонна гуруч маҳаллий бозорларга нисбатан 30 фоиз арзон нархда аҳолига таклиф этилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири