Тахминларга кўра, 2024 йилда Украина давлат бюджетига 33 миллиард евро керак бўлиши айтилмоқда. Гарчи Венгрия томонидан қаршиликлар бўлаётган бўлсада, Иттифоқчилар Киевни қўллаб-қувватлашга тайёр. Ўтган йил охирида Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг видеомурожаатида Ғарб иттифоқчиларини яна 2024 йилда ҳам Украинани қўллаб-қувватлашга чақирди.
Киев шу кунгача ҳам ғарб давлатларидан мамлакат бюджети учун, шунингдек, қурол ва ўқ-дорилар етказиб бериш кўринишидаги тўғридан-тўғри ҳарбий ёрдамлар олди.
Украина молиявий вазири Сергей Марченко “Forbes” нашрига берган интервьюсида: 2023 йилда Украина бюджетига чет эллик шериклардан 38 миллиард евро тушганлигини тасдиқлади ва бу пуллар фуқароларга иш ҳақи тўлаш, муҳим инфратузилмани сақлаб қолиш учун ишлатилганини айтди. Бу йил қандай бўлади? Бу масала Украина раҳбариятини ўйлантириб турган энг катта муаммолардан бири ҳисобланади. Украина Молия вазирининг сўзларига кўра, бу йилги харажатлар учун яна 33 миллиард евро зарур бўлади. Италия, шунингдек, ЕИ раислигидаги Катта еттилик 2024 йилда Киевга узоқ муддатли молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятини давом эттиришини билдирган.
Венгрия Украинага ёрдам беришга тўсқинлик қилмоқда
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Украина масаласида ўзининг қарши позициясини мунтазам равишда намойиш этиб келади. Бу албатта ЕИнинг умумий фикрига зид келади. Масалан, ўтган йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган ЕИнинг сўнгги саммитида у ўз вето ҳуқуқидан Украинага 2026 йилгача 50 миллиард евро миқдорида узоқ муддатли ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қарорни блоклаш учун фойдаланган. Бироқ агар Венгрия жорий йилнинг февралида бўлиши кутилаётган ЕИнинг махсус саммитида ёрдам беришга қарши овоз берса ҳам бу Украина Европа пулларини олмайди дегани эмас. Бу ҳақда Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель ўтган йили бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилган эди.
Украинага ёрдам бериш учун махсус жамғарма
Эслатиб ўтамиз, Еврокомиссия Украинага узоқ муддатли макроиқтисодий молиявий ёрдамни мунтазам ЕИ бюджетидан ажратишни таклиф қилган эди. Бу йўлдан ўтган йили Киевга бир неча кўринишда 18 миллиард евро тақдим этиш учун фойдаланилган. Агар Венгрия ўз позициясини ўзгартирмаса, Европа Иттифоқига аъзо қолган давлатлар Европа бюджети билан бевосита боғлиқ бўлмаган, Украинага ёрдам бериш учун жамғарма ташкил этишни режалаштирмоқда. Жамғармани тўлдириш учун кредитлар олинади, кафолатлар ЕИ аъзо давлатлар томонидан тақдим этилади. Албатта, Венгрия бундан мустасно. Бу жамғарма қандай ишлайди? Мисол учун, Жамғарма маблағлари Киевга 35 йилга фоизсиз кредит шаклида ўтказилади ва фоизларни ЕИ тўлайди. Бундан ташқари, ЕИга аъзо давлатларнинг бадаллари ҳисобидан тўлдириладиган “Тинчлик жамғармаси” деб номланган яна бир махсус ЕИ жамғармаси мавжуд. Бу жамғарма Украинага ҳарбий ёрдамни молиялаштиради ёки Украинани қурол билан бевосита таъминловчи давлатларга товон тўлайди. 2023 йилда ушбу лойиҳа орқали Киевга 5,6 миллиард евро ёрдам берилган. Умуман олганда, уруш бошланганидан бери Украина Қуролли Кучлари ЕИ ва алоҳида Европа давлатларидан умумий қиймати 27 миллиард евро бўлган бепул ҳарбий ёрдам олган. Ёрдам ҳажми бўйича қитъада етакчи Германия бўлиб, 17 миллиард евро ажратган. Ғарб давлатлари орасида эса Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича Германия АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради.
Бу борада АҚШнинг позицияси қандай?
Конгресс ҳали Украинага ёрдам бўйича қарор қабул қилгани йўқ. Қўшма Штатлар 2023 йилда Украинага фақат 44 миллиард евро ҳарбий ёрдам берган. Америка президенти Жо Байден 2024 йилда урушдан жабр кўрган Украинага яна 55 миллиард евро ҳарбий ва молиявий ёрдам ажратишга ваъда берди. Ҳозирча АҚШ Конгрессидаги Республикачилар партияси бу режани қўллаб-қувватламади. Агар республикачилар ўзларининг қатъий фикрларини ўзгартирмасалар, Киевнинг молиявий ва ҳарбий салоҳияти сезиларли даражада ёмонлашиши мумкин. Агар АҚШнинг ёрдами камайса, бошқа давлатлар бу бўшлиқни тўлдира оладими ёки йўқми, шубҳали. Чунки, бу ерда гап фақат пул ҳақида эмас, балки АҚШда мавжуд бўлган қурол ва ўқ-дорилар ҳақида бормоқда. ЕИ давлатлари эса айнан Украина армиясини артиллерия ўқлари билан таъминлашда қийинчиликларга дуч келишмоқда.
Россиянинг музлатилган активлари тақдири нима бўлади?
Айни пайтда Италия G7 давлатларини Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатишни кучайтиришга чақирмоқчи. Ҳозир ёрдам тариқасида Россиянинг музлатилган активларидан қандай фойдаланиш мумкинлиги ҳақида ўйлашмоқда. Лекин, G7 мамлакатлари бу активлардан қай тарзда фойдаланиш мумкинлиги борасида бир ечимга келишмаган.
Шундай қилиб, «Financial Times» газетасининг хабар беришича, ниҳоят, G7 яъни, «Катта еттилик» Россия Федерациясининг чет элдаги музлатилган активларидан олинган 300 миллиард евро миқдоридаги даромаддан фойдаланиш бўйича аниқ режани тақдим этишини таъкидламоқда. Бельгиянинг Клиринг банкининг ўзида 191 миллиард евро борлиги айтилмоқда. Бу пул санкциялар натижасида музлатилган бўлсада, ҳали ҳам Россия томонига тегишли ҳисобланади. Бельгия эса Россия активларидан олинган фойда солиқларини Украинага ўтказишга тайёрлигини билдирмоқда. Аммо ЕИнинг сўнгги саммитида бир қатор давлатлар, жумладан, Германия, Франция ва Италия бундай қадамнинг қонунийлигига шубҳа билдирмоқда. Масалан, Италиянинг бу масалада қонуний тарафларни ўйлаётганида ҳам жон бор. Чунки, Италия ўз саноатига қарши Россия томонидан қўлланиши мумкин бўлган санкциялардан қўрқади. Шу сабабли ҳозиргача Россия Федерациясининг музлатилган активларидан Украинани қўллаб-қувватлаш учун фойдаланиш режаси ЕИнинг ҳамма мамлакатлари томонидан бирдек қўллаб-қувватланмади. Энди Қўшма Штатлар G7 орқали уни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Бундай қарор Россиянинг Украинага қарши уруши бошлаганининг икки йиллиги арафасида бўлиб ўтадиган махсус саммитда қабул қилиниши керак. Ҳозирча фақат АҚШ, Канада ва Буюк Британия музлатилган Россия активларидан фойдаланиш тарафдори. Лекин бошқа иттифоқчилар фикри қандай бўлади, бу фақат махсус саммитда маълум бўлади.
Интернет материаллари асосида К.Бекжанов тайёрлади, ЎзА