Владимир Зеленский Буюк Британия бош вазири Риши Сунак билан телефон орқали бўлиб ўтган суҳбатда Украина ҳудудига сўнгги бир неча кун давомида қанча ракета зарбаси берилганини маълум қилди, дейилади мамлакат президентининг ижтимоий тармоқда тарқатилган хабарида.
“Сўнгги беш кунда Украина бўйлаб камида 500 та ракета ва дронлар учирилди”, — деган у.
Зеленский бош вазир Риши Сунакка Украинанинг ҳаво мудофаа тизимини мустаҳкамлашга Буюк Британия сезиларли ва ҳар томонлама ёрдам кўрсатгани учун миннатдорчилик билдирган.
Аввалроқ Украина оммавий ахборот воситалари Киев ва бошқа бир қатор вилоятларда кучли портлашлар бўлаётгани ҳақида хабар тарқатган эди. Россия берган ракета зарбалари натижасида бир неча туманлар электрэнергия таъминотисиз қолгани, бинолар, инфратузилма объектлари вайрон бўлиб, аҳоли орасида қурбонлар борлиги айтилмоқда.