Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал – демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг жорий 2023 йил якунига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ходимлари, шаҳар ва туман Кенгаши аппарат раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган йиғилишда асосан партиянинг ғоявий мақсад ва вазифаларини тарғиб этиш бўйича олиб борилган ишлар, бўлимлар фаолияти таҳлили, таянч тузилмалари ва депутатлик гуруҳи фаолияти, электоратлар билан ишлашда амалга оширилган ишларнинг якуни ва келгуси 2024 йилда олдинда турган долзарб вазифалар, қилиниши керак бўлган ишлар бўйича масалалар муҳокама қилинди.
Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Сағиндиқ Турманов якунланаётган “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да партиянинг ғоявий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиб, сиёсий куч сифатида мамлакат сиёсий саҳнасига кириб келганига 20 йил тўлганлигини, етакчи партия сифатида шу йиллар мобайнида Президент ва Парламент сайловларида фаол иштирок этиб, яхши натижаларга эришиб келаётганлигини таъкидлади.
Маълумот учун: жорий йилда партия сафига 5 мингдан зиёд янги аъзо қабул қилиниб, 51 та таянч тузилмаси янгидан очилди.
Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 89 минг нафардан зиёд аъзо 1 минг 87 та бошланғич ташкилотга бириктирилган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 3 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида 14 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларида 130 нафар депутат фаолият олиб бормоқда.
Йиғилишда партиянинг ғоявий мақсад ва вазифаларини тарғиб этиш, янги аъзолар сонини кўпайтириш, таянч тузилмалари ва депутатлик корпуси, аёллар ва ёшлар қаноти бўлимлари томонидан қилинган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ва 2024 йилда партия олдида турган устувор вазифалар бўйича кўпроқ нималарга эътибор қаратиш кераклиги юзасидан аниқ таклифлар ўртага ташланди. Бундан ташқари, йил якуни бўйича партиянинг энг фаол шаҳар ва туман Кенгаши аппарати раҳбарларига фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири