Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Устав фондида давлат улуши устувор бўлган давлат корхоналари ва бошқа юридик шахслар (кейинги ўринларда давлат корхоналари деб юритилади) устувор соҳаларда, энг аввало, ёқилғи-энергетика, агросаноат, тоғ-кон комплексларида, машинасозлик, транспорт, кимё саноати, телекоммуникация соҳаларида ҳал қилувчи ўринларни эгаллаган ҳолда миллий иқтисодиётда муҳим роль ўйнайди.

Шу билан бирга, бугунги кунда давлат корхоналарига ўз вазифаларини тўлиқ бажариш ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва технологик ривожлантиришга кўмаклашиш имконини бермайдиган қатор муаммолар мавжуд. Хусусан:

биринчидан, корпоратив бошқарув жараёнида давлат корхоналарининг бошқарув органларида ижро этувчи ҳокимиятнинг соҳавий комплекслари ва давлат бошқаруви органлари раҳбарлари иштироки оқибатида юзага келадиган манфаатлар тўқнашувининг мавжудлиги;

иккинчидан, давлат корхоналарида оптимал бошқарув қарорлари қабул қилиш, моддий-техника, молиявий ва меҳнат ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминловчи инвестициявий жараёнларни бошқаришнинг йўлга қўйилган тизими мавжуд эмаслиги;

учинчидан, корпоратив бошқарувнинг шаффоф эмаслиги, давлат корхоналарининг молиявий ва хўжалик фаолиятини мунтазам таҳлил қилиш, уларга юклатилган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши ва натижадорлигини самарали назорат қилиш амалиётининг мавжуд эмаслиги;

тўртинчидан, давлат корхоналарининг корпоратив ва лойиҳа бошқаруви соҳасидаги раҳбар ходимлари ва мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимининг самарасиз эканлиги.

Давлат активларини бошқаришнинг самарадорлигини янада ошириш, давлат корхоналари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг Ўзбекистон Республикасини иқтисодий, технологик ва ижтимоий жиҳатдан янада ривожлантиришдаги ролини ошириш мақсадида:

1. Давлат корхоналари фаолиятини ташкил этишда кенг кўламли ўзгаришларни амалга ошириш, шунингдек, давлат активларининг қийматини ва уларни бошқариш самарадорлигини оширишни кўзда тутувчи давлат корхоналарини трансформация қилиш дастурларини амалга оширишнинг халқаро тажрибаси маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг қуйидагиларни назарда тутувчи 2018-2020 йилларда устав фондида давлат улуши устувор бўлган давлат корхоналари ва бошқа юридик шахсларни трансформация қилиш дастурини (кейинги ўринларда – Дастур) амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

бошқарув ходимларига юклатилган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши учун уларнинг масъулиятини таъминловчи корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш;

давлат корхоналари фаолияти самарадорлигини таъминлаш бўйича ташаббусларни амалга ошириш;

давлат корхоналари раҳбарлари ва мутахассисларининг касбий кўникмаларини, жумладан, тегишли тармоқлар бўйича етакчи хорижий корпорациялар билан тажриба алмашинишни ташкил этиш орқали ривожлантириш;

давлат корхоналарини трансформация қилиш тадбирларини амалга оширишда лойиҳа бошқаруви воситаларидан фойдаланиш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Дастурнинг стратегик мақсадлари ва муҳим вазифаларни аниқлаш ва тасдиқлаш, шунингдек, уни амалга ошириш масалалари бўйича қарорлар қабул қилишга ваколатли Лойиҳа офиси (кейинги ўринларда – Лойиҳа офиси) функцияларини бажаради;

Дастурнинг амал қилиши “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзкимёсаноат”, “Ўзбекэнерго”, “Ўзбекгидроэнерго”, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятлари, “Ўзбектелеком” АК, “Навоий кон-металлургия комбинати” ДК, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва АТ Халқ банкига (кейинги ўринларда – давлат компаниялари) татбиқ қилинади.

Лойиҳа офисига Дастурнинг амал қилиши муддатини узайтириш, шунингдек, унга бошқа давлат корхоналарини киритиш бўйича таклифларни белгиланган тартибда киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Белгилансинки, Дастурни амалга ошириш даврида:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг давлат компанияларининг бошқарув органларини шакллантириш бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш марказининг давлат компанияларига нисбатан;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг АТ Халқ банкига нисбатан вазифа, функция ва ҳуқуқлари Лойиҳа офисига ўтказилади.

Лойиҳа офиси Дастурнинг ижроси бўйича ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Молия вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасидан мустақил равишда амалга оширади.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Молия бозори ва давлат активлари бўйича даромадлар тушумини назорат қилиш бошқармаси тугатилсин ҳамда бўшаётган 5 та штат бирлиги Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш марказига ўтказилсин.

6. Лойиҳа офисига Дастурни амалга ошириш доирасида қуйидаги ваколатлар берилсин:

Дастурга мувофиқ давлат компанияларининг ташаббусларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

давлат компанияларининг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ахборотларни, шу жумладан, тижорат, банк, солиқ сирларини ва бошқа чекланган ахборотларни ўз ичига олувчи маълумотларни сўраб олиш;

давлат компанияларининг фаолиятини, шу жумладан, уларнинг ташаббусларини амалга ошириш нуқтаи назаридан мунтазам таҳлил қилиш;

корпоратив бошқарувнинг самарали тизимини бизнес-жараёнларни такомиллаштириш, асосий ишлаб чиқариш, маъмурий ва оператив жараёнларни оптималлаштириш, замонавий менежмент ва ресурсларни бошқаришни жорий қилиш орқали йўлга қўйиш.

7. Қуйидагилар:

Дастурни амалга ошириш масалалари бўйича Лойиҳа офисининг қарорлари давлат компаниялари томонидан ижро этилиши учун мажбурий ҳисобланади;

Лойиҳа офиси Дастурда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш сифати ва муддатлари устидан мониторинг ўтказади;

давлат компанияларининг бюджетини шакллантириш Лойиҳа офиси билан мажбурий келишилиши лозим.

Лойиҳа офиси Дастур амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги маърузани ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини жорий этиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим қилади.

8. Лойиҳа офиси давлат компаниялари билан биргаликда икки ой муддатда:

Лойиҳа офиси ишининг регламенти;

Дастурни амалга ошириш бўйича “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш
ва белгиланган тартибда тасдиқлашни таъминласин.

Белгилансинки, Дастурни амалга ошириш тадбирларини молиялаштириш давлат компанияларининг шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази (кейинги ўринларда – Марказ) балансидаги бинолари, иншоотлари ва бошқа моддий-техника қимматликлари билан биргаликда Лойиҳа офисига берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказининг Васийлик кенгаши таркиби ва ташкилий тузилмаси 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

10. Белгилансинки, Марказ мавжуд ваколатлари билан бир қаторда:

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларини лойиҳа бошқаруви масалалари бўйича ўқитишни ташкил этади;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг лойиҳа бошқаруви ҳамда давлат харидлари соҳаларида малакасини ошириш бўйича махсус қисқа муддатли таълим дастурларини ишлаб чиқади;

лойиҳа бошқаруви ҳамда давлат харидлари соҳаларида кадрлар захирасини шакллантиради;

лойиҳа бошқаруви ҳамда давлат харидлари соҳаларида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларини сертификатлаш тизимини ишлаб чиқади ва амалга жорий этади;

лойиҳа бошқаруви ҳамда давлат харидларининг халқаро ва миллий стандартлари бўйича ўқув қўлланмалар, ахборот берувчи адабиётлар ва бошқа материаллар ишлаб чиқишни амалга оширади.

11. Марказда 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб:

ҳар йилги қабул квоталари 40 кишидан иборат бўлган магистратура таълим дастури асосида “Лойиҳа бошқаруви” (“Project management”) мутахассислиги бўйича тўлов-контракт асосида ўқитиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларини лойиҳа бошқаруви ҳамда давлат харидлари соҳалари бўйича тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш юзасидан имтиҳонларни муваффақиятли топширган тақдирда белгиланган намунадаги сертификатлар берилган ҳолда, махсус курслар ташкил этилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда белгиланган тартибда:

магистрлар тайёрлаш соҳасидаги замонавий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда, “Лойиҳа бошқаруви” магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш соҳасида олий таълим давлат таълим стандартини тасдиқласин;

олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига “Лойиҳа бошқаруви” магистратура мутахассислигини киритсин.

13. Марказ икки ой муддатда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув режаларини хорижда қисқа муддатли стажировкалар ўташни ва лойиҳа бошқаруви ҳамда давлат харидлари соҳасидаги етакчи хорижий мутахассисларни кенг жалб қилишни назарда тутган ҳолда ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан келишган ҳолда тасдиқласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар, шунингдек, давлат компаниялари билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М.Садиков зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2018 йил 12 май