Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Россия Федерациясида бўлиб турибди.
Давлатимиз раҳбари расмий ташриф дастурининг иккинчи кунида Москва шаҳрининг Александр боғидаги Номаълум аскар қабрига гулчамбар қўйди.
Кремль деворлари ёнида жойлашган ушбу ёдгорлик Иккинчи жаҳон урушида Ватан ҳимоясида мардларча жанг қилган ва ҳалок бўлган миллионлаб аскарлар хотирасига бағишлаб барпо этилган, аждодларимиз жасорати ва матонати рамзидир.
Ўзбекистон Президенти инсониятнинг тинч келажаги йўлида жонини фидо қилган қаҳрамонлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Кремлда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев Владимир Путинга ҳар доимгидек самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг бугунги ҳолатини юксак баҳолади.
Томонлар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг жадал суръатини мамнуният билан қайд этдилар.
Ушбу олий даражадаги ташрифга тайёргарлик доирасида бир қатор тадбирлар, шу жумладан, Ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг тўртинчи йиғилиши, тиббиёт, ректорлар ва ҳудудлар форумлари муваффақиятли ўтказилгани таъкидланди.
Саноат кооперацияси жадал ривожланмоқда. Ўзбекистонда Россия инвестициялари ҳажми ошиб бормоқда.
Президентлар ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим эканини қайд этдилар. 4 октябрь куни Қозон шаҳрида ўтган учинчи Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми якунида 3,5 миллиард долларлик битим ва шартномалар имзоланди.
Ҳудудлар кесимида саноат кооперацияси бўйича йил бўйи ўзаро ташрифлар режа-жадвалини ўз ичига олган “йўл харитаси”ни тайёрлаш юзасидан келишувга эришилди.
Учрашув чоғида Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари учун ижтимоий кафолатларни таъминлаш масалалари ҳам батафсил кўриб чиқилди.
Куни кеча Бутунроссия кўргазма марказида Ўзбекистоннинг янгиланган павильони очилди.
Президентлар тадбирларга бой ва серқирра маданий-гуманитар ҳамкорликни юқори баҳоладилар. Муҳим маданий воқеалар: Москвада “Лазги” миллий балети премьераси, Ўзбекистон маданияти кунлари, мамлакатимизда эса “Россия фасллари” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар бўлиб ўтди.
Давлат раҳбарлари 2024-2025 йилларга мўлжалланган Маданий ҳамкорлик дастурини қабул қилишга келишиб олдилар.
Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Самимий ва дўстона ўтган учрашув якунида томонлар кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасидаги интилиш қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар.
Икки давлат етакчилари тор доирадаги учрашувдан сўнг музокараларни расмий делегациялар аъзолари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон – Россия муносабатларининг барча йўналишлари бўйича ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётгани ва салмоқли даражада юксалаётганини катта мамнуният билан қайд этди.
Савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларидаги аниқ йўналтирилган биргаликдаги фаолият натижалари юқори баҳоланди, улар сифат жиҳатидан ўзгаргани таъкидланди.
Саноат кооперациясини, энг аввало, машинасозлик, металлургия, энергетика, қайта ишлаш, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда кенгайтириш бўйича доимий фаолият юритувчи қўшма гуруҳ тузилган.
Музокараларда маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор бошқа келишувларга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Кенг кўламли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилдилар.
Давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳукуматлари ва вазирликлари томонидан имзоланган 10 та ҳужжат алмашилди. Самарқанд шаҳрида Россия Федерациясининг бош консулхонасини таъсис этиш, ваколатли иқтисодий оператор институтларини ўзаро тан олиш, “Агроэкспресс” тезкор темир йўл ташувларини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битимлар, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2024-2025 йиллар учун ҳамкорлик дастури, шунингдек, транспорт, илм-фан, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорлик бўйича ҳужжатлар шулар жумласидан.
Ушбу келишувлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни бир қатор истиқболли йўналишларда янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путин музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказдилар.
Етакчилар сермазмун музокара ўтказганлари, уларда Ўзбекистон – Россия муносабатларининг барча йўналишлари батафсил муҳокама қилингани, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги истиқболлари белгилаб олинганини таъкидладилар. Икки томонлама кўп қиррали ҳамкорлик юқори суръатда эканини, барча соҳаларда салмоқли натижаларга эришилаётганини қайд этдилар.
Ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва уни янги марраларга етказиш борасидаги интилиш қатъий экани тасдиқланди.
Ўзбекистон Президенти мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликда нафақат миқдорий кўрсаткичлар барқарор ўсиб бораётгани, балки сифат жиҳатидан ўзгаришлар рўй берганига эътибор қаратди. Хусусан, илгари ўзаро товар айирбошлаш таркибининг аксариятини хомашё ташкил этган бўлса, бугунги кунда савдонинг 70 фоизи юқори қўшилган қийматли маҳсулотларга тўғри келмоқда.
Инвестиция соҳасида ҳам енгил ва кимё саноати, автомобилсозлик ва машинасозлик, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика тармоқларида инновацион лойиҳалар салмоғи ортиб бораётгани кузатилмоқда.
Россия фуқаролари орасида Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлиги ошаётгани қайд этилди. Россиялик сайёҳлар оқими йил бошидан буён 20 фоизга ошгани кўрсатиб ўтилди.
Томонлар 2024-2025 йилларда Маданият, санъат ва адабиёт кунларини ўзаро ташкил этишга келишиб олдилар.
Маданият, таълим ва тиббиёт соҳаларида икки томонлама алоқаларни янада кенгайтириш муҳимлиги айтилди.
Президентлар анъанавий ва янги таҳдид ҳамда хатарларга, энг аввало, терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик ва наркотрафикка қарши курашиш масалалари диққат марказида қолаётганини таъкидладилар.
Томонлар эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатлар стратегик шериклик ва иттифоқчиликни янада ривожлантиришга, Ўзбекистон ва Россия халқлари ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Ўзбекистон Президенти Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин билан музокара ўтказди.
Учрашув Россия Ҳукуматининг Мувофиқлаштириш марказида бўлиб ўтди.
Икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш ва кооперация алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича ишларни самарали мувофиқлаштириш учун қўшма Ишчи гуруҳи тузилган.
Рақамлаштириш, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларида ҳамда Ўзбекистонда электрон савдони жорий қилиш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки мамлакат ҳудудларининг амалий шериклигини янада ривожлантириш ва уни аниқ лойиҳалар билан бойитиш учун кенг имкониятлар борлиги қайд этилди.
Шаҳарсозлик, уй-жой фондини реновация қилиш соҳаларида тажриба алмашишни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Музокаралар якунида Президентимиз Россия Ҳукумати Раисини расмий ташриф билан мамлакатимизга келишга таклиф этди.
Сўнг Ўзбекистон делегацияси Россия Ҳукуматининг Мувофиқлаштириш маркази билан танишди. Михаил Мишустин давлатимиз раҳбарига ижро ҳокимияти органларининг тезкор ва келишилган ҳаракатларини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу доимий фаолият юритувчи идора фаолияти тўғрисида батафсил ахборот берди.
ЎзА