Сенатда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига соғлиқни сақлаш органлари фаолияти ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур ҳужжат билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга муҳим қўшимчалар киритилмоқда.
Қонунга кўра, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари томонидан ярим йиллик якунлари бўйича соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиши йўлга қўйилади.
Ҳисоботда соғлиқни сақлашни ривожлантиришга оид давлат дастурларининг бажарилиши, касалликлар профилактикасининг ҳолати, соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишни шакллантириш, шунингдек, соғлиқни сақлашнинг асосий кўрсаткичлари қамраб олинади.
Ҳисоботдан келиб чиқиб, кенгашлар томонидан уларнинг фаолияти самарадорлигига баҳо берилади.
Шунингдек, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунга ҳам қўшимча киритилмоқда.
Унга кўра, фуқаролар йиғинларига туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари, оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктлари раҳбарлари ахборот бериб боради.
Бунда улар соғлиқни сақлашнинг ҳолати ҳамда фуқаролар соғлиғига таъсир этувчи омиллар, шу жумладан, тегишли ҳудуднинг санитария -эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги маълумотларни ахборотга киритиши зарур.
Ялпи мажлисда маъқулланган қонун билан жорий этиладиган меъёрлар соғлиқни сақлаш органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга, шунингдек, тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳолати тўғрисида аҳолининг хабардорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА