Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиева ва Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовнинг ёшлар билан учрашуви ташкил этилди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган мазкур учрашувда хорижнинг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олиб, Марказий банк тизимида фаолият юритаётган ёш мутахассислар ҳамда Марказий банкнинг таркибий бўлинмаларида амалиёт ўтаётган иқтидорли стипендиатлар иштирок этди.

Учрашув давомида Кристалина Георгиевадан Марказий Осиё минтақасида сув танқислиги муаммосига Халқаро валюта жамғармасининг нуқтаи назари қандай эканлиги сўралди. – Биз глобал миқёсда об-ҳавонинг кескин ўзгаришларига дуч келмоқдамиз, – деди Кристалина Георгиева. – 2020 йил барча қитъаларда иқлим билан боғлиқ офатлар кузатилган биринчи йил бўлди. Ҳеч қайси қитъа бундан четда қолмади. Иқлим ўзгариб бораётган дунёда шундоқ ҳам танқис бўлган сув янаям танқислашиши ойдинлашиб бормоқда. Биринчи навбатда, исрофгарчиликнинг олдини олиш учун бу ресурсни тўғри нархлаш керак. Марказий Осиё минтақасида сув ўзаро бўлишилади. Соғлом ҳуқуқий асосга ва ўзаро келишувга асосланган ҳамкорлик бу ресурсларни жойлаштиришда стратегик йўналиш экани учун жуда муҳим. Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон манфаатларини таъминловчи, бу умумий ресурсдан биргаликда фойдаланиш имконини берувчи баъзи қўшма лойиҳалар ҳақида эшитганимдан хурсанд бўлдим.

Учрашувда Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси иқтисодиётининг жорий ҳолати ва истиқболлари, мавжуд муаммолар ҳамда юзага келиши мумкин бўлган хатарлар юзасидан ҳам фикр алмашилди.


Ш.Маматуропова, ЎзА