Самарқанд шаҳридаги Халқаро туризм марказида Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик анжумани қизғин давом этяпти.
Ҳозиргина мажмуа таркибидаги Конгресс-холлга кираверишда минтақамиз ва мамлакатимиз учун муҳим аҳамиятга эга йирик тадбир якунланди. “Америка – Ўзбекистон савдо палатаси. Америка ҳикояси: АҚШ бизнеси Нима сабабдан Марказий Осиёда?” номли сессияни Ўзбекистон – Америка савдо палатаси ижрочи директори Елена Сон бошқариб борди.
Қароргоҳи Америка Қўшма Штатлари пойтахти Вашингтон шаҳрида жойлашган мазкур тузилма АҚШ компанияларининг Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фаолият олиб боради.
Америка – Ўзбекистон савдо палатаси масъулларига ушбу нуфузли анжуман дастурида алоҳида йиғилиш учун имконият берилиши бежиз эмас. Зеро, бугунги кунда минтақамизни иқтисодий ривожлантириш жараёнида АҚШ билан ҳамкорлик ўта муҳим ўрин эгаллайди.
Ушбу тадбирда ҳам Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон бозолрида фаолият олиб бораётган йирик компаниялар вакиллари, сармоядорлар, оддий бизнес вакиллари фаол иштирок этишгди. Бевосита мулоқот қилиш, турли долзарб мавзуларда музокара олиб бориш, муаммоли масалаларни биргаликда ҳал этиш имконини тақдим этган учрашув давомида улар бир-бирларига ўзларининг янги маҳсулот ва хизматларини таклиф этишди.
– Биз ЕТТБ ва Ўзбекистоннинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларини юксак қадрлаймиз ва эътироф этамиз, – дейди Е.Сон. – Умуман, бундай ажойиб фаоллик бошқа халқаро тузилмаларни ҳам мамлакатингиз билан алоқани мустаҳкамлашга ундаяпти. Ўзбекистон – Америка савдо палатаси республика билан 30 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади. ЕТТБ билан ҳам биз доимий равишда, айтиш мумкинки, ҳар кунги тартибда бирга ишлаймиз. Алоқаларимиз изчиллик касб этган, мунтазам равишда кўплаб муҳим соҳа ва тармоқларни ривожлантиришга қаратилган вебинарлар, турли шаклдаги учрашувлар, самарали мулоқотлар ўтказамиз. Шу маънода минтақавий шерикликни мустаҳкамлашга йўналтирилган бугунги тадбиримиз ҳам тез орада ўз натижаларини беришига ишонамиз.
Мазкур сессия йиғилиши, таъбир жоиз бўлса, ҳар галгидек ҳамкорларнинг умумий фаолияти давомига айланди. Муҳими, анжуман доирасида кечаётган учрашув, музокаралар бир-бирини тўлдириб боряпти. Мулоқот мулоқотга уланяпти. ЎзАни кузатиб боринг.
Ғайрат Хонназаров,
Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА