Хитой Мудофаа вазири Ли Шанфу Пекинда Покистон Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони адмирал Муҳаммад Амжад Хон Ниёзий билан учрашувда Покистон билан стратегик алоқаларни мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Хитой Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

“Биз Хитой ва Покистон раҳбарлари ўртасида эришилган муҳим конценсусга мувофиқ юқори даражадаги яқин алоқалар ва стратегик ҳамкорликка тайёрмиз”, дейилади баёнотда.

Унда Хитой – Покистон армиялараро ҳамкорлиги “давлатлар ўртасида давом этаётган икки томонлама муносабатларнинг муҳим қисми” эканлиги таъкидланади.

Ли Шанфу Хитой ва Покистон Қуролли кучлари қўшма ўқув машғулотларини ўтказиш, технологик ҳамкорликни ривожлантириш ишида, шунингдек, терроризмга қарши курашда сезиларли натижаларга эришилганини қайд этди.

“Икки давлат армиялари ҳамкорликни янги йўналишларда кенгайтиришни, биргаликда янги ёрқин муваффақиятларга эришиш, турли хил хавф-хатарларга жавоб бериш учун мунтазам малакаларини ошириб боришлари керак”, деб қўшимча қилди Хитой вазири.

ЎзА