Хитой Ташқи ишлар вазири Цинь Ган бугун, душанба куни АҚШ элчиси Николас Бернс билан ўтган учрашув чоғида Қўшма Штатлар ҳукумати ХХРга нисбатан сиёсатини чуқур қайта кўриб чиқиш зарурлигига ишора қилди. Бу ҳақда Хитой ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

“Умид қиламанки, Америка томони Пекинга нисбатан стратегиясини чуқур қайта кўриб чиқади ва Хитой билан ҳамкорликка яна яқинлашади. Хитой – АҚШ муносабатлари оғир вазиятдан келиб чиқиб, нормал ҳолатга қайтишига ёрдам беради”, деган Цинь Ган.

ТИВ раҳбари ўтган йилнинг ноябрь ойида Индонезияда бўиб ўтган икки давлат етакчилари Си Цзиньпин ва Жо Байден музокараларида “муҳим конценсус”га эришганини эслатди.

“Бироқ, кейинроқ Қўшма Штатлар бир қатор нотўғри баёнотлар бера бошлади ва номақбул ҳаракатлар қилди. Бу эса Хитой – АҚШ муносабатларида юзага келган ижобий тенденцияни йўққа чиқарди. Бунга эса осон эришилмаган эди”, деди у.

Вазирнинг қўшимча қилишича, ҳозирги вазиятда икки давлат ўртасида келишмовчиликни кучайтирувчи хатти-ҳаракатлардан тийилмоқ керак.

 

ЎзА