Суриянинг Араб лигасидаги аъзолиги 12 йил аввал мухолифатга нисбатан шафқатсиз босим ўтказилгани сабабли тўхтатилган эди. Энди томонлар муаммони дипломатия йўли билан ҳал қилишга тайёр.
Араб лигаси аъзолари Қоҳирадаги қароргоҳда Сурияни ташкилотга қайтариш учун овоз беришди, деб хабар берди “Euronews”.
“Биз ҳеч қандай ташқи аралашувсиз сиёсий ечим топиш Суриядаги инқирозни ҳал қилишнинг ягона йўли эканига тўлиқ аминмиз”, деди Миср ташқи ишлар вазири Самиҳ Шукрий.
Қатар бошчилигида Суриянинг Лигага қайтишига қарши чиққанлар ушбу қарорни “мамлакатга барқарорлик келтирмайди, аксинча адолатга, инсон ҳуқуқларини таъминлаш жараёнига зарба бўлди”, деб баҳоладилар.
1945 йил Искандария протоколи асосида тузилган Араб давлатлари лигасига араб тилида сўзлайдиган 18 мамлакат, Фаластин ҳамда Шарқий Африканинг уч мусулмон давлати – Комор ороллари, Сомали ва Жибути киради.