Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳом Норқулов Сингапур делегацияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси маълум қилди.

Унда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, тадбиркорлар учун ягона онлайн портал яратиш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, ҳудудлар мастер режаларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилиш бўйича ҳамкорлик лойиҳалари ҳақида сўз борди. Шунингдек, делегация эътиборига Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш стратегияси лойиҳаси тақдим этилди.

Томонлар тадбиркорлар учун ягона онлайн портал яратишда Сингапурнинг илғор тажрибасини, хусусан, gobusiness.gov.sg порталини ишга тушириш ва тегишли бизнес жараёнларни оптималлаштириш билан боғлиқ билимларни ўрганиш борасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Учрашувда “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳам самарали таклифлар ҳақида сўз борар экан, унда сув ва энергия самарадорлигини ошириш, экстремал иқлим шароитларини бошқаришда ҳам ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди. Сингапурнинг “яшил” бюджетлаштириш тамойиллари,  углерод солиғи нархини белгилаш  каби масалалар бўйича ҳам тажриба алмашиш асосий мавзулардан бири бўлди.

Учрашув якунида Сингапур етакчи компанияларининг Ўзбекистонда ҳудудлар мастер режаларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилиш бўйича пилот лойиҳаларда иштироки юзасидан ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА