Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда коронавирус пандемияси ўткир босқичини тугатиш ва инфекциянинг олдини олишга қаратилган икки йиллик дастурни эълон қилди. Ҳужжат 2023 йил апрелдан 2025 йил апрелгача бўлган даврни қамраб олган.

ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус тушунтиришича, 2022 йилда қабул қилинган аввалги дастурда белгиланган икки стратегик мақсад, яъни SARS-CoV-2 тарқалиши ва ўлим кўрсаткичини камайтириш учун ташҳис қўйиш ҳамда даволаш қамровини кенгайтириш масаласи долзарблигича қолмоқда. Шу боис ташкилотнинг янги стратегиясида бу икки мақсад сақлаб қолинди ва янги яна бир мақсад қўшилди: узоқ муддатли барқарор профилактик чораларни кўришда мамлакатларни қўллаб-қувватлаш.

Шунингдек, ҳужжатда коронавирус асорати ва давомли COVID билан боғлиқ муаммони ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Бундай ҳолат коронавирус юқтирган беморларнинг, тахминан, 6 фоизида кузатиляпти.

ЖССТ таҳлилига кўра, дунё аҳолисининг коронавирусга қарши тўлиқ эмланиш қамрови 66 фоизни ташкил қилмоқда.

Бу кўрсаткич тиббиёт ходимлари орасида 89, кексалар ўртасида 82 фоизга тенг. Афсуски, кам даромадли мамлакатларда мазкур нисбат мос равишда 52 ва 35 фоизни кўрсатяпти.

ЎзА