НАТО ўз сафига яна учта мамлакатни қўшиб олиб жаҳон ташкилотига айланиши мумкин, деб ёзди АҚШ Президентининг собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон Wall Street Journal газетасига ёзган мақоласида.
“Биз Хосе Мария Аснарнинг (Испаниянинг собиқ бош вазири) Япония, Австралия ва Исроилни альянсга қўшиб олиб НАТОни глобал ташкилотга айлантириш ҳақидаги ғоясини ҳаётга жорий қилишимиз керак”, – деди у ўз мақоласида. Трампнинг собиқ маслаҳатчиси қўшимча қилишича, Шимолий Атлантика альянсига мудофаа харажатлари бўйича НАТО стандартларига мос келадиган бошқа мамлакатлар ҳам қўшилиши мумкин.
Унинг фикрича, Қўшма штатлар ва иттифоқчилари мудофаа бюджетини ошириши керак.
Аввалроқ НАТОга Финляндия ва Швеция аъзо бўлиш истагини билдирган эди. Яқинда Финляндия альянсга аъзо бўлиш жараёнини ниҳоясига етказди. Швеция номзодини эса Туркия ва Венгрия маъқулламай турибди.