Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби Энтони Блинкен бошчилигидаги делегация ташриф билан Ўзбекистонга келди.
1 март куни Э.Блинкен дастлаб Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов билан учрашди.
Мулоқот давомида ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди. Бизнес алмашинуви учун қулай шароит яратиш, кадрлар салоҳиятини ошириш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатни бирлаштиришга келишиб олинди.
Шундан сўнг меҳмонлар Тошкентнинг маънавий ва диний юраги ҳисобланган Ҳазрати Имом мажмуасига ташриф буюрди. АҚШ вакилларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков кутиб олди. Давлат котибига Ҳазрати Имом мажмуаси, иншоотга ёндош барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази, ҳудудда мўмин-мусулмонлар учун яратилган шароитлар хусусида маълумот берилди.
АҚШ Давлат департаменти раҳбари Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ҳам ташриф буюриб, талабалар билан самимий мулоқот қилди. Таниқли дипломат AҚШ ва Ўзбекистон ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни ижобий баҳолади.
Шу куннинг ўзида Энтони Блинкен иштирокида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ташкил этилди.
– Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабат Ўзбекистон мустақилликка эришгач, тубдан ривожланди, – деди АҚШ ташқи сиёсат идораси раҳбари. – Бугун бўлиб ўтган барча учрашувлар мавжуд алоқани янада мустаҳкамлашга замин яратади. Биз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз. Шу ўринда, Ўзбекистоннинг меҳнат ҳуқуқи соҳасида эришган ютуқларини алоҳида эътироф этмоқчиман. 11 йил давомида 300 дан ортиқ халқаро компания болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат туфайли ўзбек пахтасидан фойдаланишдан бош тортиб келаётган эди. Ўзбекистон ҳукумати маҳаллий ва халқаро меҳнат уюшмалари, инсон ҳуқуқи соҳасига оид ташкилотлар билан ҳамкорликда нафақат янги меҳнат кодексини қабул қилди, балки ҳужжатнинг амалда тадбиқ қилинишини таъминлаш орқали турли қонунбузарликларнинг олдини олди. Бу тарихий ютуқ ва бошқа мамлакатларга намуна.
Шу тариқа АҚШ Давлат котибининг мамлакатимизга ташрифи якунланди. Энтони Блинкен 2 март куни Нью-Деҳли шаҳрида ўтадиган “Катта йигирматалик” мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этади.
Беҳрўз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Ўткир АЛИМОВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат),
ЎзА