Тошкентда Ўзбекистон-Испания бизнес-форуми бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо ҳамда Испания Саноат, савдо ва туризм вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Форумда Ўзбекистонда амалга оширилаётган валюта бозорини либераллаштириш, солиқлар сонини қисқартириш, эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш, Тараққиёт стратегиясини қабул қилиш орқали олиб борилаётган маъмурий ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Хусусий мулк ҳимояси, саноат сиёсати йўналишидаги, тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишлар самарадорлиги таъкидлади.

Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ преференциялар тизими бенефициари мақомини олди, ЖСТга аъзо бўлиш йўлида фаол ҳаракат қилмоқда. Изчил саъй-ҳаракат туфайли юртимизда инвестиция муҳити яхшиланиб, ташқи савдо кўлами кенгаймоқда. 2022 йил Европа Иттифоқи бозорига маҳсулотларимиз экспорти 50 фоиз, Испания бозорига эса 2.5 баробар ошди. Шу билан бирга товар айирбошлашни ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжуд. Демак, етказиб берилаётган товарлар рўйхатини кенгайтириш, ҳажмини ошириш мақсадида икки мамлакат ишбилармон доираларини қўшимча қўллаб-қувватлаш зарур.

Тадбир давомида Ўзбекистон томони иқтисодиётнинг устувор тармоқларида сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш учун икки мамлакатнинг рақобатбардош устуворлигидан фойдаланишни кучайтириш ташаббусини илгари сурди. Автомобилсозлик ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, аҳолига хизмат кўрсатиш ва инфратузилмани ривожлантириш энг истиқболли йўналишлар экани таъкидланди. Бундан ташқари, ҳар икки давлат эркин савдо режимига эга йирик минтақавий бирлашмаларга аъзо. Бу тадбиркорлар ўртасидаги ўзаро савдо алоқасини кенгайтириш учун қўшимча шарт-шароит яратади.

Форум доирасида делегациялар раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Савдо ва инвестициявий ҳамкорликни, саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича навбатдаги қадамларни белгилаш томонлар диққат марказида бўлди. Музокара давомида фармацевтика, тўқимачилик, рангли металл, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, электр жиҳозларини ўзаро етказиб бериш миқдорини ошириш, савдо уйлари очиш, “Made in Uzbekistan” ва  “Made in Spain” қўшма бизнес-форумлари ва кўргазмаларини ўтказиш орқали фойдаланилмаётган ресурслар, имкониятларни сафарбар этишга келишиб олинди.

Форум якунида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида сув хўжалиги ва сув тозалаш иншоотлари қуриш, ипакчилик ва қоракўлчиликни ривожлантиришга янги ёндашув ва технологияларни жорий этиш бўйича қатор келишувлар имзоланди. Бизнес-форум дастуридан ўрин олган B2B музокараларида тадбиркорлар ва инвесторлар тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш, манфаатлар кесишадиган нуқталарни аниқлаш ҳамда озиқ-овқат, яшил энергия ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишларида янги истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш имконига эга бўлди.

– Мазкур форум Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқани ривожлантириш, мамлакатларимиз ўртасида бизнес-ҳамкорликни кенг йўлга қўйишга замин яратади, – деди Испания саноат, савдо ва туризм вазири ўринбосари Шиана Мендес. – Бугун қирқдан зиёд Испания компаниялари ўз тақдимотларини намойиш этишди, ўзбекистонлик тадбиркорлар билан музокара олиб боришди. Бу истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади. Биз мамлакатингиз билан турли соҳаларда шериклик қилишни истаймиз.

Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Республикаси ва Испания Қироллиги ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Икки давлатнинг тегишли вазирлик, идоралари раҳбарлари иштирок этган тадбир якунида товар айирбошлашни кенгайтириш, савдо тўсиқларини бартараф этиш, ўзаро кўргазма ва ярмаркалар ташкил қилиш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқарадиган қўшма корхоналар очиш доирасида амалга ошириладиган чораларни қамраб олган “Йўл харитаси” ишлаб чиқишга келишилди.


Гўзал Сатторова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА