Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги “Ўзбек адабиётининг энг сара йигирма асари” мавзусида бадиий асарларни ўзбек тилидан инглиз тилига таржима қилиш бўйича танлов – ижтимоий лойиҳасини эълон қилади

Мамлакатимизда китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ўзбек ва дунё адабиётининг энг сара намуналарини интернет тармоқларига жойлаштириш ва уларни тарғиб қилиш ҳамда кенг китобхонлар оммасига етказиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор фармон ва қарорлари бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш ва янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги дунё тафаккури, маданияти, маънавияти ва маърифатининг юксалишига катта ҳисса қўшган буюк аждодларимиз ва замондош адиблар асарларини янада кенгроқ тарғиб этиш, ўзбек миллий адабиёти воситасида мамлакатимизнинг жаҳон майдонидаги нуфузини янада юксалтириш мақсадида “ЎЗБЕК АДАБИЁТИНИНГ ЭНГ САРА ЙИГИРМА АСАРИ” мавзусида бадиий асарларни ўзбек тилидан инглиз тилига таржима қилиш бўйича танлов – ижтимоий лойиҳасини эълон қилади.

Танлов шартлари:

– иштирокчи таржимоннинг резюмеси (тўлиқ чоп этилган таржималарининг рўйхати, телефон рақами, 4х6 ҳажмдаги намунали фото сурати) топширилиши;

– муқаддам инглиз тилига ўгирилиб чоп этилган таржима асарларининг ҳар биридан 5-10 варақ атрофида нусха тақдим этилиши;

– агар таржимоннинг инглиз тилига бадиий таржимаси нашр этилмаган бўлса, у ҳолда ўзбек тилидаги бадиий асардан ихтиёрий равишда 5-10 саҳифа инглиз тилига ўгириб жўнатиши шарт.

Танлов 2018 йилнинг март ойига қадар давом этади. Зарур ҳужжатлар 2018 йилнинг 25 февралига қадар info@api.uz электрон манзили орқали қабул қилинади.

Мазкур танловда иштирокчиларнинг ёши чегараланмаган. Унда профессионал таржимонлар билан бирга хорижий тиллар филологияси ихтисослиги бўйича таҳсил олаётган ёш истеъдод соҳиблари ҳам иштирок этиши мумкин.

Танловнинг якуний натижаси:

Танловнинг якуний натижаларига кўра, “Ўзбек адабиётининг энг сара йигирма асари” танлови ғолиблари билан Агентлик тизимидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари томонидан белгиланган тартибда шартномалар имзоланади ва таржимонлар томонидан ўзбек тилидан инглиз тилига ўгирилган асарлар учун қалам ҳақи тўланиши кафолатланади. Шунингдек, ғолиб таржимонлар Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги қошида ташкил этиладиган “The book of sun» халқаро таржимонлар ноширлик маркази аъзолигига қабул қилинади. Ғолиблар ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситалари ҳамда www.api.uz сайтида ёритилади.


ЎзА