Янги йил кечаси фарзандларингиз «Қорбобо қачон келади?», «Нега бизникига Қорбобо келмаяпти?» каби саволлар билан ҳол-жонингизга қўймайди. Сиз ҳам бу куни уларни хафа қилишни истамайсиз. Нима қилишни билмай турганингизда бирдан эшик тақиллаб, ҳассасини тўқиллатиб Қорбобо, унинг ортидан бир нечта ҳамроҳлари ташриф буюради…

– Ўтган йили Янги йил кечаси уйимизга Қорбобо келган эди, – дейди қашқадарёлик танишим. – Бир ўғил бола аёллар ва эркаклар кийимини аралаштириб кийиб олган (очиғи, жуда кулгили аҳволда эди). Қорбобонинг айтишича, бу унинг Қорқизи экан. Уларнинг нақ ўнта ҳамроҳи бор эди. Бирпасда уйимиз тўлиб-тошди. Қорбобони интиқиб кутаётган болаларим улардан ҳайиқиб, ўзларини четга ола бошлади. Қизларим ҳам ҳайрат, ҳам қўрқув аралаш уларга термулиб турарди. Меҳмонларга қўлдан келганча лутф кўрсатдик. Қорбобо ҳам соқолини секингина кўтариб, қўлидаги ароқ тўла рюмкани Қорқизи билан уриштириб ичар, гап орасида йўғон овозда «Болаларим…», «Қани олдик, Қорқизим…» деб қўярди. Кўп ўтмай, ҳатто унинг Қорбобо эканлиги ёдидан чиқди-қолди. Халал берди шекилли ёки кайфи ошиб қолдими, хуллас, соч-соқолини юлиб отиб юборди…

Психология ва фарзанд тарбиясига оид китоблардан бирида агар Қорбобо хизматидан фойдаланмоқчи бўлинса, жажжи болакайларни унинг ташрифига тайёрлаш кераклиги ҳақида ўқиганман. Кичкинтойга Қорбобо кимлиги ва уни болалар қанчалар яхши кўришини тушунтириш керак экан. Негаки, болакайлар Қорбобо келганда нима бўлишини билишлари муҳим. Акс ҳолда қўрқиб кетишлари мумкин экан.

– Биргина бу эмас, бизникида бундан ҳам баттари бўлган, – дейди яна бир танишим. Айтишича, Қорбобо унинг уйидаги қимматбаҳо буюмларни ўмариб кетган экан…

Қизиқ. Қорбобо ҳаммамизнинг, айниқса, болажонлар тасаввурида, яхшилик, эзгулик тимсоли. Унинг сеҳри билан ота-онасининг айтганини бажарадиган, дарсларини вақтида тайёрлайдиган ўғил-қизларнинг ниятлари ижобат бўлади-ку! Аммо бу каби қулоққа чалинадиган Қорбоболарнинг замонавий саргузаштлари чегарадан чиқиб кетмаганмикин? Бурни қизил Қорбоболар фарзандлар руҳиятига салбий таъсир кўрсатмаяптими? Афсуски, катталар томонидан айтилган эртаклардаги Қорбобо билан кўча-кўйдаги Қорбоболар мутлақо бир-бирига зид бўлган ҳоллар ҳам йўқ эмас экан. Агарда уйингизга юқоридаги сингари «замонавий» Қорбобо кириб келса борми, сиз фарзандларингиз олдида ёлғончига чиқиб қолишингиз ҳам ҳеч гап эмас. Ахир, сизнинг эртакларингиз бошқача эди-ку…

Яна бир жиҳат: Қорбобо қиёфасидаги инсоннинг кимлигини билмайсиз. Гоҳида айрим кимсалар бундан ўз мақсадлари йўлида фойдалангани ҳам, афсуски, ҳақиқат.

Пойтахтимизда ўндан ортиқ майдонда арча безатилган. Марказий саҳналарда 27 декабрдан бошлаб концерт дастурлари намойиш этилмоқда. Ўтган йиллари кузатган бўлсангиз, арча атрофида Қорбобо, Қорқиз ва турли эртак қаҳрамонлари бисёр.

Мутасадди ташкилот вакилларидан олинган маълумотга кўра, эндиликда хавфсизликни таъминлаш мақсадида рухсат этилмаган «Қорбобо», «Қорқиз» ҳамда турли «эртак қаҳрамон»ларининг фаолият олиб бориши мумкин эмас экан. Нафақат мазкур майдонлар, балки юртимизнинг барча ҳудудларида лицензияга эга бўлган шахсларнигина Янги йил қаҳрамонлари кийимида юришига рухсат этилади.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА