247 профилактика инспектори қасамёд қилди

Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Бобожонов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов ва бошқалар мамлакатимизда ички ишлар органлари ходимлари аҳолининг тинч-осойишта ҳаётини таъминлашдек масъулиятли вазифани сидқидилдан бажариб, жойларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 апрелдаги «Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, жойларда профилактика инспекторларига барча шароитларга эга хизмат уйи, енгил автомашина топширилмоқда.

Тадбирда 247 нафар профилактика инспектори ўзига бириктирилган ҳудудда фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялашга тантанали қасамёд қилди. Уларга замонавий хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида харид қилинган янги автомашина калити топширилди.

Нукус шаҳрининг 7-Шоирлар овули маҳалласи профилактика инспектори Қуат Айтбоев ҳам замонавий хизмат уйи ва автомашинага эга бўлди. У ҳудуддаги 4 минг 900 аҳоли тинчлиги ва осойишталигига масъул. Маҳалладаги 42 кам таъминланган оила, 1 минг 725 нафар вояга етмаган ёшлар доимий унинг назоратида. Иккита умумтаълим мактаби, битта болалар боғчаси, иккита умумий овқатланиш шохобчаси, уч дўкон, ва икки интернет кафе фаолияти ҳам унинг эътиборидан четда қолмайди.

– Маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, маслаҳатчилар билан ҳамкорликда ҳар бир оила билан олиб борилаётган суҳбатлар яхши самара бераётир, – дейди Қ.Айтбоев. – Ўз ҳудудимизда замонавий хизмат уйи ва енгил автомашинага эга бўлганимиз фаолиятимиз самарадорлигини ошириб, турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.

 

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат) ЎзА