Қирғизистон: олий ўқув юртларига қабул онлайн форматда бўлиб ўтади

Коронавирус пандемияси боис бу йил Қирғизистон олий ўқув юртларига қабул Умумреспублика тест (УРТ) натижаларига кўра ягона тизим билан онлайн форматда бўлиб ўтади. Бу ҳақда ҚР таълим ва фан вазирининг ўринбосари Нурлан Омуров маълум қилди.
«Таълим вазирлиги тизим ишлаб чиқди. Абитуриентлар авваллари олий таълим даргоҳига келарди, бу йил бу ишлар масофадан бошқарилади. Бунинг учун абитуриентлар ўз талонларини ОРТ платформаси орқали рўйхатдан ўтказишлари керак», дейди ҚР таълим ва фан вазирининг ўринбосари.
Омуровнинг хабар беришича, УРТ имтиҳонлари уч босқичда: 21-22 июнь, 24-25 июнь ва 11-12 июль кунлари ўтказилади. Бундан аввал УРТ имтиҳонларини масофадан ўтказишнинг имкони йўқлиги айтилган эди. Республика бўйича 116 та марказ тайёрланмоқда, бу ерда санитар талаблар яратилади, тиббиёт пунктлари ва тиббиёт ходимларининг навбатчилиги жорий қилинади.
Коронавирус туфайли мамлакатда айни вазият ва айрим шаҳар ва туманларда фавқулодда ҳолат режимлари жорий қилингандан сўнг Қирғизистондаги олий таълим даргоҳлари ва мактаблар таълимнинг онлайн режимига ўтди.

 

ЎзА